Сайловларни ўтказиш учун зарур шароит яратиш — демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятига хос энг муҳим жиҳатлардан ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳам халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган сайлов қонунчилиги яратилган. Мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси учун умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи ҳамда яширин овоз бериш сингари асосий принциплар белгиланган.

Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси тадбирлари миллий сайлов қонунчилигимиз асосида амалга оширилмоқда. Албатта, бу нафақат халқимиз, балки халқаро ҳамжамият учун ҳам катта воқеликдир. Жараёнлар хориж давлатлари эътиборидан ҳам четда қолмайди. Сайловларни кузатувчи халқаро ташкилотлар нигоҳи ушбу воқеликка қаратилиши табиий. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Эҳтиёжларни баҳолаш бўйича миссияси сайловолди муҳити ва Президент сайловига тайёргарлик жараёнини ижобий баҳолаб, тўлақонли кузатув миссиясини юбориш фикрини билдиргани бунинг яққол тасдиғидир.

Бу эса Халқаро сайлов стандартлари, яъни сайловларни ташкиллаштириш ва ўтказишга тааллуқли халқаро ҳуқуқ тамойилларига юқори даражада амал қилиш заруратини юзага келтиради.

Хўш, халқаро сайлов стандартлари нималарда акс этади?

Биринчидан, халқаро сайлов ҳуқуқи ва сайлов жараёнига таалуқли бўлган халқаро стандартлар, яъни давлат органларига ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш идораларига умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ёки фуқароларнинг хоҳиш-иродасини билдиришни таъминловчи бошқа йўллар билан амалга оширилиши кўзда тутилади.

Иккинчидан, фуқароларнинг демократик ҳуқуқ ва эркинликларига  ҳурмат билан қараш ҳамда уларни ҳимоя қилиш, кўппартиявийлик ва мафкуранинг хилма-хиллиги, сайловни тартибга солувчи ҳуқуқий нормаларнинг барқарорлиги ва уларнинг жадал демократик ривожланиши очиқ сайлов жараёнларини таъминлашнинг асосий шартлари ҳисобланади.

Учинчидан, сайлов органлари ёки бошқа ваколатли органлар томонидан овоз беришни ташкиллаштириш ва овозларни санаш, сайлов жараёни иштирокчиларининг сайлов ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмининг мавжудлиги ва самарали ишлаши, овоз бериш якунлари ва сайлов натижалари устидан судда ҳамда бошқа ваколатли органларга шикоят қилиш, сайловларни, шу билан бир қаторда, овоз бериш жараёнини ташкиллаштириш, овозларни санаш, сайлов натижаларини эълон қилишдек сайлов жараёнининг муҳим жиҳатларини одилона халқаро кузатиш талаб этилади.

Ушбу принциплар жаҳон мамлакатлари ҳаётида, тарихий ривожланиш тажрибалари асосида табиий равишда вужудга келган бўлиб, уларга тўлиқ амал қилган жамиятгина демократик ҳуқуқий давлат қуриш мақсадига эришиши мумкин.

Ўзбекистонда шаклланган сайлов тизими сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ умумэътироф этилган халкаро принциплар ва нормаларга, демократик ҳуқуқий давлатни барпо этиш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш ғояларини амалга ошириш мақсадларига мос ҳолда босқичма–босқич такомиллаштирилмоқда. Бу йил Сайлов қонунчилигига киритилган бир қатор ўзгартиришларда ҳам ушбу тамойиллар қўлланилган.

Хусусан, Сайлов кодексига киритилган ўзгартишларда нафақат сайловчилар учун, балки сайлов комиссияси аъзолари учун қулай шароитлар яратиш назарда тутилган. Хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, сайловчилар рўйхатига киритилиши ҳамда улар яшаётган ёки ишлаётган жойда овоз бериш имкониятининг яратилиши, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида, харбий қисмларда ташкил этилган сайлов участкаларига кузатувчиларнинг ташриф механизмлари соддалаштирилгани, сайлов комиссиялари аъзоларига иш ҳақи ва компенсация тўланишига оид қоидаларнинг янада мустаҳкамлангани, сайлов комиссиялари зиммасидаги номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифанинг бекор қилиниши ва бошқаларни алоҳида эътироф этиш жоиз.

Шунингдек, сайлов комиссиясининг доимий иш жойига эга бўлмаган аъзоларига, шу жумладан, пенсионерларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасига мувофиқ иш ҳақлари тўлаб берилиши қонун билан белгилаб қўйилди. Бундай амалиёт комиссия аъзолигига жалб этилган фуқароларнинг мажбурий меҳнатига йўл қўймаслик мақсадида жорий этилди.

Аҳамиятлиси, жорий йилги Президент сайлови илк бор Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси асосида бўлиб ўтади. Унда конституциявий қоидалар ва халқаро сайлов стандартларига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти даврийлик принципи асосида сайланиши таъминланади. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, президентлик сайловининг декабрь ойидан октябрь ойига кўчирилиши давлат ҳокимияти ташкил этилиши конституциявий қоидаларини такомиллашувига, сайловларнинг даврийлик приниципига амал қилинишини таъминлабгина қолмай, фуқароларга қулайлик ҳам яратади.

Сайлов кодексининг 4-моддасига мувофиқ “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови умумийдир. Сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадир. Фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъий назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадир”. Шунга кўра, сайловнинг қонун билан белгилаб қўйилган ўз тартиб-қоидалари борки, сайловчилар унга амал қилишлари талаб этилади. Хусусан, ҳар бир сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин. Унинг иккинчи сайловчилар рўйхатига киритилиши тенглик принципининг бузилишига сабаб бўлади.

Сайловчилар рўйхатига ҳар бир сайловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи манзили киритилади. Улар аниқ, тушунарли, саналар ва жой манзиллари тўғри бўлиши шарт. Бу маълумотлар унинг паспорти ёки ID картаси асосида тўлиқ ёзилиши қонунда белгилаб қўйилган.

Жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловда ҳам сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини такомиллаштирган ҳолда, зарур техник тайёргарлик асосида ташкил этилиши жараённинг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади. Шу боис очиқлик, ошкоралик, шаффофлик ва холисликни таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, Марказий сайлов комиссияси Матбуот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди.  Бу эса журналистлар ва жамоатчиликка сайловга оид масалалар бўйича тезкор ахборот етказилишига хизмат қилмоқда. Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг “Saylov-2021” веб портали ва бошқа ахборот ресурслари юритилиши йўлга қўйилди.

Имконияти чекланган сайловчиларга қулай шароитлар яратиш ҳам эътибордан четда қолмаган. Марказий сайлов комиссияси ҳамда Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти ва Ўзбекистон Карлар жамияти ўртасида 2021 йил май ойида келишувлар имзоланган эди. Ҳужжатларга кўра, ногиронлиги бўлган фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, сайловда тенг имкониятлар яратиш бўйича ҳамкорликда иш олиб бориш бўйича вазифалар белгиланган. Жумладан, имконияти чекланган сайловчиларнинг, заруратга қараб, яшаш жойида овоз бериши ташкил этилади. Сайлов кампаниясига оид теледастурларда имо-ишора тили ва субтитрлардан фойдаланиш йўлга қўйилади.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, илк сайловлар қадимги Юнонистон ва Римда ўтказилгани ҳақидаги маълумотларни учратамиз. Ушбу сайловларда шаҳарни бошқариш учун стратег, давлат бошқарувида императорга ёрдам берадиган консуллар бир йил муддатга сайланган. Мазкур жараёнларда замонавий сайловларнинг дастлабки элементлари кўзга ташланади.

Кейинги даврларда эса сайловлар бора-бора такомиллашиб, эркаклар ва аёллар тенг ҳуқуқлилиги таъминланди, хотин-қизларнинг ҳам овоз бериши қонуний кафолатланди. Дунё бўйича сайловларда аёлларнинг иштироки рейтингида Ўзбекистон топ-50 рўйхатга киритилгани мамлакатимизда хотин-қизларнинг сайловда фаол иштироки таъминланганини кўрсатади.

Эътиборлиси, аёлларимиз мазкур сиёсий тадбирда нафақат сайловчи, балки сайлов комиссияси аъзоси сифатида ҳам фаолият юритаяпти. Ҳатто, президентликка номзод сифатида кўрсатилганини эътироф этиш жоиз бўлади.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ана шундай демократик ўзгаришлар жаҳон ҳамжамияти диққат марказида турибди. Ушбу муҳим сиёсий жараённи юқори савияда ўтказилиши Янги Ўзбекистонни барпо этишда муҳим қадам бўлади.

Алишер УСМОНҚУЛОВ,

Жиззах политехника институти ректори,

техника фанлари доктори, профессор,

Марказий сайлов комиссияси аъзоси