Аввало, сизларни, жойлардаги студиялар орқали бугунги ифторлик маросимида иштирок этаётган ҳурматли нуронийлар, олиму уламолар, кенг жамоатчилик вакилларини, бутун халқимизни муборак Рамазон ойи билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.

Шу улуғ айём кунларига барчамизни тинч-омон, соғ-саломат етказгани учун Аллоҳ таолога беҳад шукурлар бўлсин!

Меҳр-оқибат ва эзгулик рамзи бўлмиш Рамазон ойида ҳаммамиз биргаликда кўплаб савобли ишларни амалга оширмоқдамиз.

Давлат ва нодавлат ташкилотлар, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Маҳаллалар уюшмаси, Мусулмонлар идорасининг “Вақф” жамғармаси, ҳудудлардаги “Инсон” марказлари, саховатли тадбиркорларимиз томонидан кекса ва ногиронлар, кам таъминланган оилаларга, кўмакка муҳтож инсонларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.

Тиббиёт бўлинмалари олис ва чекка ҳудудларимизга бориб, аёллар, болалар ва нуронийларимизни кўрикдан ўтказмоқда, оғир беморлар операция йўли билан даволанмоқда.

Мана шундай файзу баракали кунларда мамлакатимиз миқёсида ифторлик тадбирларини ўтказиш ҳам яхши анъанамизга айланди.

Албатта, буларнинг барчаси жамиятимизда инсон қадрини улуғлаш, тинчлик ва умуммиллий бирлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бугунги ифторлик маросимида юртимиздаги турли миллат ва диний конфессиялар намояндалари иштирок этаётгани ҳам шундан далолат беради.

Ҳозирги ғоят таҳликали замонда тинчлик нақадар улуғ ва бебаҳо неъмат эканини, 38 миллиондан зиёд аҳолимизнинг ягона халқ, аҳил бир оила бўлиб яшаётгани энг катта бойлигимиз эканини янада чуқур ҳис этмоқдамиз.

Даврамизда Ўзбекистондаги дипломатик корпус вакиллари ҳам қатнашаётганини биз динимизнинг гуманистик ва бағрикенглик қадриятларига, давлатимизнинг очиқлик сиёсатига ҳурмат-эътибор ифодаси сифатида қабул қиламиз ва уларга самимий тилакларимизни билдирамиз.

Қадрли ватандошлар!

Бугунги Рўзаи Рамазон кунида барчамиз яна бир том маънода тарихий воқеада иштирок этмоқдамиз. Халқимизнинг ақл-заковати, фидокорона меҳнати билан бунёд этилган улуғвор ва ноёб мажмуа – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг расмий очилиш маросимини ўтказмоқдамиз.

Не-не аждодларимизнинг орзу-ниятлари, армонлари рўёбга чиққан мана шундай унутилмас кун билан, чинакам илм-маърифат байрами билан ҳаммангизни чин қалбимдан табриклайман.

Мамлакатимизнинг уч минг йиллик шонли тарихи ва бой маданиятининг, Янги Ўзбекистон имкониятларининг ёрқин кўзгуси бўлган ушбу бетакрор ва буюк мажмуа барчамизга, бутун халқимизга муборак бўлсин!

Муҳтарам дўстлар!

Биз юртимизда ривожланган давлат, эркин жамият пойдеворини бунёд этиш учун, энг аввало, илм ва илм, таълим ва яна бир бор таълим, деган олий мақсадни ҳаётимизга жорий этмоқдамиз. Зеро, муқаддас динимиз ҳам бизни доимо илму маърифатга даъват этади. Шу боис, Ислом цивилизацияси марказининг Улуғбек дарвозаси пештоқига Қуръони каримнинг “Иқра!” – яъни, “Ўқи!” деган муборак оятини муҳрлаб қўйдик. Бу илоҳий сўзлар замирида ислом динининг асл маъно-мазмуни мужассам, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Хабарингиз бор, бундан тўққиз йил олдин мазкур мажмуани барпо этиш ҳақида махсус қарор қабул қилиб, амалий ишларни бошладик. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида эълон қилинган бу эзгу ташаббусимиз жаҳон жамоатчилиги, айниқса, ислом ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланди.

Биз бу ҳар жиҳатдан улкан лойиҳани амалга ошириш учун шошилмадик, етти эмас, етмиш марта ўйлаб, узоқни кўзлаб, тинимсиз изландик. Ниҳоят, қадимдан Тошкенти азимнинг маънавий маркази бўлиб келган Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида, кўриб турганингиздек, бетакрор архитектурага, чинакам миллий руҳ ва миллий қиёфага эга бўлган шарқона шаҳарча барпо этилди.

Ушбу Марказда Ўзбекистоннинг қадимий тарихи ва цивилизацияси дурдоналарини бир пайтнинг ўзида ягона маърифий маконда кўриш, шу асосда ўзбек халқининг интеллектуал ва маданий салоҳиятини яққол англаш мумкин.

Бу маскан билан танишган ҳар бир одам, халқимиз, айниқса, ёшларимиз ислом динининг гуманистик моҳиятини англаб етади, ўзининг қандай улуғ мерос эгаси эканини ҳис этиб, қалби ғурур ва ифтихорга тўлади.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Азалдан турли цивилизация ва маданиятлар туташган минтақада жойлашган юртимиз замини Буюк ипак йўли ривожида муҳим ўрин эгаллаган. Кўҳна диёримиз исломгача бўлган даврда ҳам илм-фан, маърифат маркази сифатида шуҳрат қозонган. Қадимий Туркистон ўлкасига ислом дини кириб келгач, бу ерда ҳадис ва калом илми, мусулмон ҳуқуқи, тасаввуф бўйича йирик мактаблар шаклланди, ўнлаб буюк алломалар етишиб чиқди.

Аниқ ва табиий фанлар соҳасида ўз кашфиётлари билан жаҳонни ҳайратга солган улуғ олимларимиз асарлари ҳам исломий муҳит бағрида вужудга келган. Дунёга машҳур бу китоблар “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим”, деган илоҳий сўзлар билан бошлангани уларнинг муқаддас динимиздан илҳом ва куч олиб яратилганини билдиради. Нафақат бизнинг юртимиз, балки бепоён минтақамизнинг маънавий мулки бўлган ана шундай бебаҳо бойликни чуқур ўрганиш ва жаҳон миқёсида тарғиб этиш мақсадида уни Ислом цивилизацияси, деган ном остида бирлаштиришга қарор қилдик.

Албатта, ҳозирги мураккаб ва оғир шароитда бундай йирик мажмуани энг юксак замонавий талаблар даражасида яратиш осон бўлмади.

Биз Марказ қурилишини илмий тадқиқот ва изланиш ишлари билан баробар равишда олиб бордик. Ўтган даврда кўҳна меросимизга оид, бизга умуман номаълум бўлган қанча-қанча ноёб маълумотларни кашф этдик.

Халқаро экспертлар эътироф этганидек, бугун Ўзбекистонда ислом цивилизацияси меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича ўзига хос катта илмий мактаб яратишга эришдик. Нақадар катта имкониятларимиз, интеллектуал салоҳиятимиз борлигини дунёга намоён эта олдик.

Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак, арзийди.

Ушбу ноёб мажмуа салкам 10 гектар ҳудудда жойлашган бўлиб, бинонинг умумий фойдаланиш майдони 50 минг квадрат метрни ташкил этади. Бу ерда “Ўзбекистон заминида исломгача бўлган давр”, “Биринчи ва Иккинчи Ренессанс”, “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс пойдевори” каби экспозиция заллари мавжуд.

Албатта, уларнинг ҳар бири ҳақида узоқ гапириш мумкин.

Музей экспозициясини шакллантириш ва бойитиш бўйича ҳам катта ишлар қилинди. Ўтган йилнинг ўзида 1,5 мингдан ортиқ экспонат, жумладан, 800 га яқин қадимий қўлёзма, археологик топилма ва тарихий хариталар экспозицияга жойлаштирилгани ҳам шундан далолат беради.

Айни вақтда хорижий аукцион уйлари, йирик коллекционер ва арт дилерлар билан ҳамкорлик ўрнатилиб, 743 та экспонатнинг оригинал, яъни, асл нусхалари юртимизга келтирилди.

Бундай ишлар илгари тарихимизда бўлмаган эди.

Бу экспонатларнинг ҳар бири – буюк ўтмиш ва маданиятимиз, миллий ўзлигимиз тимсоли эканини таъкидлаш лозим. Уларнинг барчаси замонлар синовидан мардона ўтиб келаётган халқимиз, миллатимизнинг онгу тафаккури, бунёдкорона меҳнати, ноёб маҳорати ҳақида сўзлайди.

Тарих тилга кирган, тарихдан сабоқ олинган жойда, албатта, билим ва маърифат, тараққиёт ва адолат бўлади. Ҳеч қачон тўғри йўлдан адашилмайди!

Марказнинг асосий зали, таъбир жоиз бўлса, қалби – бу, ҳеч шубҳасиз, муқаддас Қуръон залидир. Бу ерда дунёдаги энг қадимий 6 та Қуръони каримнинг бири бўлган мўътабар Усмон мусҳафи бугун ўзининг юксак мақомига муносиб шарафли ўрин топди.

Шунингдек, ушбу залда турли даврларга оид нодир Қуръон қўлёзмалари ҳам жамланган. Шу муборак кунда барчамиз, Худонинг инояти билан, мана шундай ноёб ва муқаддас Усмон Қуръонининг илоҳий шарофати билан юртимиз доимо тинч-осойишта бўлсин, ҳаётимиз қут-баракага тўлсин, деб дуо қиламиз.

Қадрли дўстлар!

Ислом цивилизацияси марказига 2025 йилнинг ўзида минглаб хорижий меҳмонлар ташриф буюргани унинг ҳозирданоқ жаҳон миқёсида катта қизиқиш ва эътибор уйғотаётганини тасдиқлайди. Меҳмонлар орасида бир қатор давлатлар президентлари, парламент ва ҳукумат раҳбарлари, депутатлар, сенатор ва лордлар, вазирлар ва элчилар, илм-фан ва жамоат арбоблари, диний ташкилотлар раҳнамолари борлигини таъкидлаш лозим.

Марказни лойиҳалаш, қуриш ва замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозлашда Франция, Хитой, Буюк Британия, АҚШ, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия, Туркия, Германия, Испания, Италия, Малайзия, Озарбайжон, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Марказий Осиё давлатлари ва бошқа қатор мамлакатлардан юксак малакали мутахассислар ҳам фаол иштирок этишди.

Ушбу мажмуани бунёд этишга муносиб ҳисса қўшган лойиҳачи ва қурувчиларга, моҳир муҳандислар, олиму уламоларга, хорижий ҳамкор ва экспертларга, жумладан, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти аъзоларига, барча фидойи инсонларга чин дилдан миннатдорлик билдираман.

Бундай йирик ва мураккаб маданий иншоотни қуришда ҳомийлик ёрдамини кўрсатган маҳаллий ва чет эллик тадбиркорлар, маданият ва спорт намояндаларига алоҳида раҳмат айтаман. Хусусан, биринчилар қаторида ташаббус кўрсатиб, зарур маблағ, ғоя ва ноёб тарихий экспонатлар тақдим этгани учун ҳурматли ватандошимиз, машҳур меценат ва бизнесмен Алишер Бурҳонович Усмоновга самимий ташаккур изҳор этаман.

Халқимиз бундай олижаноблик, саховат ва эътиборни юксак қадрлайди.

Бу улуғ ишга қўшган ҳиссангизни ҳеч қачон унутмаймиз.

Катта раҳмат Сизга!

Азиз юртдошлар!

Ислом цивилизацияси марказини барпо этишга киришар эканмиз, мен, дунёнинг қаерида бўлмасин, тарихимизга тегишли бир варақ қўлёзма бўлса ҳам, битта экспонат бўлса ҳам топиб, юртимизга олиб келишни орзу қилган ва шу вазифани ўртага қўйган эдим. Минг шукурки, бугун ана шу мақсадимизга аста-секин эришяпмиз. Бу ишларни, албатта, давом эттирамиз.

Жаҳоннинг турли мамлакатларида сақланаётган ноёб қўлёзмаларни аниқлаш ва ўрганиш учун яна халқаро илмий экспедициялар ташкил этамиз. Бунинг учун зарур маблағ ва имкониятларни топамиз. Бу ишларга маҳаллий ва хорижий олимлар, етакчи халқаро илмий марказларни жалб этамиз.

Марказ фаолиятини кенг миқёсда йўлга қўйиш мақсадида бу ерда АЙСЕСКО, ИРСИКА, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Франциядаги Темурийлар жамияти, ТУРКСОЙ каби халқаро ташкилотлар билан биргаликда улар учун офис хоналари ташкил этдик. Энди улар билан ҳамкорликни кучайтириш учун барча зарур шароитларни яратиб берамиз.

Марказда муқаддас динимизнинг эзгу қадриятларини асраб, диний-маърифий соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам ўзининг янги қароргоҳига эга бўлди.

Бу даргоҳда ислом меросини чуқур ўрганиш, диний ходимлар, имом-хатибларнинг малакасини ошириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ишларини ташкил этиш, ўйлайманки, мақсадга мувофиқдир.

Биз яқин келгусида БМТ қароргоҳида Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот марказларининг тақдимотларини ҳам ўтказамиз.

Мухтасар айтганда, ушбу Марказ маънавий-маърифий йўналишдаги фаолиятимиз учун фундаментал база бўлади. Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси талабалари юқори курсларни шу ерда ўқийди, ўқитувчи-домлалар эса ўз билим ва малакасини оширади.

Марказ ёшларимиз орасидан янги хоразмийлар, беруний ва улуғбеклар, фарғоний ва ибн синолар, бухорий ва термизийлар етишиб чиқиши учун мустаҳкам маънавий майдон бўлиши керак.

Бу – барчамизнинг эзгу ниятимиздир.

Марказ ўзининг мана шундай тарихий миссиясини юксак савияда адо этиши учун мен илм-фан ва маънавият фидойиларига – ҳурматли олим ва тадқиқотчиларга, шоир ва адиблар, диний уламолар, режиссёр ва рассомлар, журналистларга, ижодкор ёшларимизга мурожаат қилмоқчиман:

Ислом цивилизацияси марказида тўпланган ҳар бир экспонат қандай бебаҳо бойлик эканини сизлар ҳаммадан кўра яхши тушунасиз. Уларни тарғиб этиш, халқимизга, дунёга танитишда ҳам, аввало, сизларга таянамиз.

Бу тенгсиз бойликдан илҳомланиб, сизлар яратадиган илмий тадқиқотлар, бадиий китоб, кино ва театр асарлари, картина ва кўрсатувлар: уч минг йиллик тарих ва маданиятнинг сўнмас овози бўлиб дунёга таралсин!

Янги Ўзбекистонни тинчлик, эзгулик, билим ва маърифат диёри сифатида оламга тараннум этсин!

Халқимиз, айниқса, ёшларимиз учун тарбия ва миллий ғурур мактабига айлансин!

Ҳурматли анжуман қатнашчилари!

Ўз даврида Мир Алишер Навоий бобомиз Мирзо Улуғбекнинг ўлмас мероси дунё тургунча турсин, деб тилак билдирган эди. Бизнинг ҳам орзу-мақсадимиз шундай: Ислом цивилизацияси маркази эл-юртимизга, жаҳон аҳлига ҳамиша беминнат хизмат қилсин!

Мана шундай улуғ ишларнинг бунёдкори бўлган мард ва олижаноб халқимиз доимо омон бўлсин!

Муқаддас Рамазон ойида тутаётган рўзаларимиз, қилаётган ибодатларимиз даргоҳида қабул бўлсин!

Яратган Парвардигор халқимизни, Ватанимизни ўз паноҳида асрасин!

Барчангизга катта раҳмат, доимо соғ-омон бўлинглар!