Йиғилишдан кўзланган мақсад давлат раҳбари ташаббуслари ижросининг боришини мониторинг қилишдан иборат.

Йиғилишда сенаторлар, қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари, БМТнинг Ўзбекистондаги тузилмалари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда Ўзбекистон БМТ билан ўзаро ҳамкорликка катта эътибор қаратаётгани, у билан ҳамкорлик қилиш мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилангани таъкидланди. Республика ташкилот ва унинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилот, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Миграция бўйича халқаро ташкилот, Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон банки, МАГАТE каби ихтисослаштирилган муассасалари фаолиятида тизимли ва фаол иштирок этиб келмоқда.

Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари билан ҳамкорлиги кейинги бир неча йилда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 72, 75 ва 76-сессияларида, шунингдек, 2021 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 46-сессиясида сўзлаган нутқлари бунинг далилидир. Уларда Ўзбекистоннинг халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, таълим, маънавият, экология, туризмни янада ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ташаббуслари ўз аксини топган.

Йиғилиш доирасида вазирлик ва идораларнинг юқорида қайд этилган иккита «йўл харитаси»ни амалга оширишнинг бориши тўғрисидаги ахбороти эшитилди. Хусусан, 2022 йилгача 104 та бандни бажариш режалаштирилган бўлиб, шундан 60 та объект якунига етказилгани, 3 таси эса ижро бўйича ортда қолаётгани таъкидланди.

Сенаторлар вазирлик ва идораларнинг БМТ тузилмалари билан ишларини мувофиқлаштиришни чуқурлаштириш зарурлигини қайд этдилар.

Йиғилиш якунлари бўйича «йўл хариталари»даги ортда қолаётган бандларининг ижросини тезлаштириш, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббусларини амалга ошириш ишларини фаоллаштириш бўйича аниқ топшириқлар акс этган баённома қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.