Мамлакатимиз халқаро миқёсдаги нуфузли учрашув — Жаҳон ҳунармандлар кенгаши Осиё-Тинч океани минтақаси (WCC-APR)нинг 38-Бош Ассамблеясига мезбонлик қилди. Анжуман доирасида ўтказилган онлайн тадбирлар Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида бўлиб ўтган Бошқарув Кенгашнинг йиғилиши билан ўз ишини бошлади.
Унда жаҳон Ҳунармандлар кенгаши Президенти Рози Гринлиз, ташкилотнинг Осиё-Тинч океани минтақаси Президенти доктор Гада Қаддуми ҳамда 30 дан ортиқ мамлакатнинг 80 дан зиёд делегатлари иштирок этди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси вакиллари меҳмонларни онлайн қарши олиб, мазкур халқаро учрашув юртимизда иккинчи бор ўтказилаётганидан мамнунлигини билдирди.
Тадбирнинг биринчи қисмида Ассамблея кун тартибидаги масалалар, ташкилотнинг 2019-2020 йиллар давомидаги фаолияти, ҳунармандчилик соҳасини ривожлантириш дастурини тасдиқлаш бўйича таклифлар муҳокама қилинди. Асосий масала сифатида Бошқарув Кенгашининг янги Президентини сайлаш ва тайинлаш масаласи кўриб чиқилди.
Йиғилишнинг иккинчи қисмида эса делегатлар ўтказилган сайлов натижалари асосида ташкилотнинг навбатдаги раҳбарини сайлаш бўйича ўз қарорини эълон қилди. Ҳайъат аъзолари ва Ассамблея иштирокчилари бир овоздан ушбу лавозимга Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов номзодини тасдиқлаб, Жаҳон ҳунармандлар кенгаши Осиё-Тинч океани минтақасининг 2021—2024 йиллардаги Президентлигини Ўзбекистонга топширишни расман эълон қилди. Номзодлар орасида Хитой ва Малайзия давлатлари ҳам бор эди. Аммо нуфузли лавозимнинг ҳунармандчилик анъаналари асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб, ўз ҳолича сақлаб келинаётган Ўзбекистонга берилиши мамлакатимиз ҳаётида ҳақиқатан тарихий воқеа бўлди.
— Юртимиз 2019 йилдан бошлаб Жаҳон ҳунармандлар Кенгашининг тўлақонли аъзосига айланган бўлса, ўтган қисқа вақт ичида ҳунармандчиликка катта эътибор қаратаётган давлат сифатида дунё эътиборига тушди, — деди Адҳам Икромов. — Бу албатта, ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Бунга замин яратган биринчи тарихий қарор Президентимизнинг 2017 йил август ойида тор доирадаги мажлисда “Ҳунарманд” уюшмаси фаолиятини Савдо-саноат палатаси қошида йўлга қўйиш, ривожлантириш бўйича берган таклифлари бўлди. Шундан сўнг мазкур уюшма тарихида янги саҳифа очилди. Ҳунармандларга кўплаб имтиёзли кредитлар ажратилиши ҳисобига охирги уч йилда ҳунармандларимиз сони илк бор 5 баробарга ошди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2019 йил 10–15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида илк бор ўтказилган Халқаро ҳунармандчилик фестивали бу йўналишда амалга оширилган яна бир улкан муваффақият бўлди. Дунёнинг 78 дан ортиқ мамлакатидан энг маҳоратли ҳунармандлар, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этган ушбу тадбирда жаҳон ҳамжамиятининг Ўзбекистонга қизиқиши янада ортди. Ўша вақтдаёқ жаҳон Ҳунармандлар кенгаши Президенти Рози Гринлиз навбатдаги Ассамблеяни иккинчи бор Ўзбекистонда ўтказиш таклифини киритди ва буни барча аъзолар маъқуллади. Мазкур фестивал Кенгаш президентлигига юртимиз номзодлигининг қўйилишига ҳам туртки берди. Бу ҳақиқатан тарихий воқеа ва биз бундан фахрланамиз. Жамоамиз билан биргаликда ушбу вазифа доирасида олдимизга бир қанча ғояларни амалга ошириш, нафақат Ўзбекистон, балки минтақадаги давлатларнинг миллий ҳунармандчилигини тарғиб қилиш, уларни дунё бозорларига фаол олиб чиқиш, ҳунармандчиликни янада ривожлантириш учун шароитлар яратиб бериш каби улкан мақсадларни қўйганмиз ва бунга эришишимизга ишонаман.
Жаҳон ҳунармандлар кенгаши 1964 йил 12 июнда АҚШнинг Колумбия университетида бўлиб ўтган халқаро йиғилишда маданий ҳаётнинг муҳим қисми сифатида ҳунармандчилик мақомини сақлаб қолиш, мавқеини мустаҳкамлаш, ҳунармандларни қўллаб қувватлаш ва қўл меҳнатининг юксак намунаси бўлган ушбу касбни жаҳонда кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган эди. Бугун мазкур халқаро Кенгаш ўз атрофида 28 та доимий ва бошқа ўнлаб иштирокчи давлатларни бирлаштиргани ҳолда ҳунармандчилик анъаналарини тарғиб қилишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Эндиликда, халқаро ташкилотнинг бош офиси ўз фаолиятини Ўзбекистонда давом эттиради. Ўзига топширилган вазифани қабул қилиб олган Адҳам Икромов анжуман иштирокчиларига ташаккурини билдириб, фаолияти давомида амалга оширишни режалаштираётган вазифалари билан ўртоқлашди. Делегатлар Кенгашнинг Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича янги сайланган Президентини самимий қутлаб, ҳамкорликдаги ишлари самарали бўлишига ишонч билдиришди.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири