Бу хақида “Шимол-Жануб халқаро транспорт коридорини ривожлантиришга қаратилган учинчи ишчи гуруҳ йиғилиши”да маълум қилинди. Юртимиздан ушбу лойиҳага Ўзбекистон экспортчилар уюшмаси вакил бўлди.

Онлайн тарзда бўлиб ўтган учрашувда коридорга аъзо давлат вакиллари ўзаро фикр алмашди. Ўзбекистоннинг халқаро лойиҳага қўшилиши мамлакат иқтисодиётида муҳим воқеа бўлиб, бу барча ҳамкорлар учун фойдали экани таъкидланди.

— Шимол-Жануб коридори бир томондан  Европа Иттифоқидан то Сувайш каналигача бўлган ҳудудларни қамраб олса, иккинчи томондан, Европа Иттифоқидан то Ҳиндистон, Покистон портларигача етиб боради, — дейди Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси раиси Мухтор Умаров. — Бу савдо йўлаги йирик лойиҳа бўлиб, уни ташкил этиш бўйича  2000 йилда Россия, Эрон ва Ҳиндистон ўртасида келишув имзоланган. 2002 йилдан эса мазкур “яшил йўлак” расман очилган. Ҳозирда дунё бўйича ўнлаб давлатлар ушбу яшил йўлакка аъзо.

Узунлиги 7200 км бўлган транспорт йўлаги Ҳиндистондан Санкт-Петербургга товарларни этказиб бериш муддатини 30-40 фоизга ёки 20 кунга қисқартириш имконини беради.  Ҳозирда Бомбейдан Москвага ушбу йўналиш бўйича этказиб бериладиган контейнер юклари 30 кундан ортиқ давом этмайди ва уларни Сувайш канали ва Европа бўйлаб Санкт-Петербург орқали ташиш ўртача 45 кун давом этади. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, агар контейнерларнинг йўналиши ва этказиб бериш муддати 15 кунга қисқартирилса, бир тонна юкни этказиб бериш нархи ҳам камаяди. Шимол-Жануб транспорт коридорининг потенциал қуввати йилига тахминан 15-16 миллион тонна юк бўлиб, бу харажатларнинг 1,5-2 миллиард долларга камайишини англатади.

Хўш ушбу савдо коридори Ўзбекистонга нима беради? Мутахассисларнинг айтишича, бу биринчи навбатда, савдони молиялаятиришга йўл очади. Логистик жиҳатдан ҳам қатор қулайликлар яратади. Бундай йўлаклар тез бузиладиган товарларни етказиш тезлигини ошириб, транспорт ҳаражатларини камайтиради. Бир сўз билан айтганда, маҳсулотни тезроқ, сифатлироқ ва энг асосийси, арзонроқ етказиш имконини берувчи бу лойиҳа тадбиркорлар учун ҳар томонлама фойдалидир.