Сўнгги йилларда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, уларни ишончли ҳимоя қилиш ҳамда халқаро стандартларни миллий ҳуқуқий тизимга изчил имплементация қилиш Янги Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Мамлакатда инсон қадрини улуғлаш, шахснинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини давлат ва жамият ривожининг марказига қўйиш, инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг ҳуқуқий, институционал ва процессуал механизмларини такомиллаштиришга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур жараён ички сиёсат доираси билангина чекланиб қолмасдан, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги фаолияти ва халқаро ҳуқуқий ташаббусларида ҳам ўзининг мантиқий давомини топмоқда.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ), Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ), Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ), Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида илгари сурилаётган халқаро ҳуқуқий ташаббуслар халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда.

2018 йилдан бошлаб ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми давлатимиз раҳбарининг энг ёрқин глобал ташаббуслардан биридир.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми – инсон ҳуқуқларининг энг долзарб масалаларини давлатлар, БМТ тузилмалари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти вакиллари ҳамда илмий доиралар иштирокида муҳокама қилишга мўлжалланган халқаро мулоқот майдони ҳисобланади. Ана шу мулоқот натижасида шаклланган ҳамкорлик ва ўзаро ишонч муҳити “Самарқанд руҳи” ибораси билан юритилади. Форумнинг мақсади инсон ҳуқуқларига дахлдор замонавий муаммоларни биргаликда кўриб чиқиш ва уларга умумий ечимлар излашдан иборат.

Шаклланган анъанага кўра, ҳар галги Форумда инсон ҳуқуқларининг энг муҳим муайян мавзулари муҳокама учун танлаб олинади. Шу маънода, 2026 йилнинг 28-29 сентябрь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтган навбатдаги V Самарқанд форуми “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро пактларнинг 60 йиллиги ва Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллиги: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор тараққиёт йўлида глобал шериклик” мавзусига бағишланган эди. Икки кунлик тадбир ниҳоясида “Самарқанд нигоҳи – 2040: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор ривожланиш йўлида глобал ҳамкорлик” номли якуний ҳужжат қабул қилинган эди.

Эндиликда Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форумининг 2026 йил 29 сентябрь куни имзоланган якуний ҳужжати БМТ Бош Ассамблеясининг расмий ҳужжатлар тизимига киритилди. Ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузуридаги Доимий вакилининг 2026 йил 15 октябрдаги мактубига илова қилинган тарзда БМТ Бош Ассамблеясининг 2026 йил 20 октябрда бўлиб ўтган мажлисига сессия кун тартибининг 70 (b)-банди бўйича Бош Ассамблея ҳужжати сифатида тақдим этилди ва A/81/444 рақамли белги остида БМТ аъзо-давлатларига тарқатилди.

Тузилишига кўра, ушбу халқаро ҳужжат муқаддима, 6 та бўлим, 24 та банд ва 8 та чора-тадбирни қамраб олган “Йўл харитаси”дан иборат.

Мақсад эътибори билан у инсон ҳуқуқларига оид халқаро стандартларни миллий даражада самарали амалга ошириш, ривожланиш ҳуқуқи ва ижтимоий адолатни таъминлаш, камбағаллик ва тенгсизликни қисқартириш, болалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Якуний ҳужжатда, айниқса аёллар ва ёшлар ҳуқуқлари алоҳида ҳимоя остига олинган. Улар нафақат тинчлик ва ривожланишдан наф кўрувчилар, балки инклюзив ва барқарор тинчликни шакллантиришда ўзгаришлар ташаббускорлари, қарор қабул қилувчилар, воситачилар, тинчлик ўрнатувчилар ва етакчилар мақомида эътироф этилган.

Шунингдек, унда сунъий интеллект ва рақамли муҳитда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, иқлим ўзгариши ва экологик адолат, фуқаролиги бўлмаганлик ҳолатини қисқартириш, демографик ўзгаришлар, тинчлик ва хавфсизлик каби долзарб масалалар қамраб олинган.

Ҳужжатнинг муҳим амалий ташаббуслари сифатида “Ҳамкорлик учун Самарқанд рақамли платформаси”ни ташкил этиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида натижадорлик индикаторларини ишлаб чиқиш, миллий тажрибалар алмашинуви ва 2040-йилгача ихтиёрий мониторинг тизимини шакллантириш назарда тутилган.

Бир сўз билан айтганда, “Самарқанд нигоҳи – 2040” инсон қадр-қиммати ва тенгликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий ва универсал тизимини мустаҳкамлаш ҳамда барқарор тараққиётни рағбатлантириш йўлида халқаро ҳамкорликнинг узоқ муддатли концептуал ва устувор йўналишларини белгилайдиган стратегик ҳужжатдир. Ҳужжат халқаро ҳуқуқий стандартларни миллий амалиётга жорий этиш, янги глобал чақириқларга жавоб бериш ва инсон ҳуқуқларига асосланган барқарор ривожланишни таъминлашга кўмаклашади.

Эслатиб ўтиш жоизки, Самарқанд форумларининг аввалги якуний ҳужжатлари ҳам айни шундай тартибда БМТ эътиборига ҳавола этилган. Хусусан, 2018 йилдаги Самарқанд декларацияси – А/73/730, 2020 йилдаги Самарқанд резолюцияси – А/74/998, 2022 йилдаги Самарқанд ҳаракатлар режаси – A/77/800, 2024 йилдаги Самарқанд форумининг якуний ҳужжати эса А/78/999 рақамли белгиси билан Ўзбекистон мурожаати асосида БМТ ҳужжатлари тизимига киритилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми ва унда қабул қилинаётган якуний ҳужжатларнинг БМТ даражасида эътироф этилиши Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга. Биринчидан, Самарқанд форуми инсон ҳуқуқлари соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни жаҳонга танитиш ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ички ички ислоҳотларнинг халқаро ҳамжамият томонидан муносиб баҳоланиши учун қулай фурсат ҳисобланади.

Иккинчидан, Форум якунида қабул қилинаётган декларация, резолюция ва якуний ҳужжатларнинг БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида тарқатилиши ва эътироф этилиши уларнинг сиёсий ва ҳуқуқийлик даражасини оширади ҳамда мамлакатимизнинг халқаро норма ижодкорлигидаги иштирокини кучайтиради. Шу тариқа, Самарқанд форуми ва унинг якуний ҳужжатлари орқали янграётган Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ташаббуслари давлатимизнинг халқаро нуфузини оширишга, халқаро ташкилотлардаги мавқеини мустаҳкамлашга ҳамда миллий манфаатларимизни халқаро миқёсда тўлақонли ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.

 

Ҳайдарали Юнусов,
Тошкент давлат юридик университети профессори,
юридик фанлар доктори