Президентимиз ўз маърузасида ташқи сиёсат масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб, бу борада Бош қонунимизга ўзгартириш ва қўшимчалар қилиш вақти етиб келганига урғу берди ва жумладан, шундай деди: “Мамлакатимиз ва жаҳонда туб ўзгаришлар юз бераётган ҳозирги шароитда Ўзбекистон ташқи сиёсатининг концептуал-ҳуқуқий асосларини янгилаш ва такомиллаштириш алоҳида долзарб аҳамият касб этмоқда”.

Ўзбекистон Республикаси олиб бораётган фаол ташқи сиёсатнинг туб моҳияти минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка эришиш, дунёвий тинчлик ва тартиботни, барқарор тараққиётни қўллаб-қувватлаш, барча давлатлар билан ўзаро тенг ва манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлашда яққол намоён бўлади.

Мустақилликка эришгандан буён ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон фаол ва очиқ ташқи сиёсат юритиб, минтақа мамлакатлари ва жаҳондаги етакчи давлатлар билан муносабатлар ўрнатиб, ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Айниқса, сўнгги беш йилда ушбу алоқаларимиз янада мустаҳкамланиб, бир қатор мамлакатлар билан стратегик шериклик даражасига қадар олиб чиқилганини давлатимизнинг ташқи сиёсат ва халқаро муносабатлардаги муваффақиятли қадамлари сифатида баҳолаш мумкин.

Бу борада, аввало, Марказий Осиё миқёсида турли соҳаларда қўшни мамлакатлар билан мутлақо янги шаклда ўрнатилган доимий алоқалар минтақавий барқарорлик мустаҳкамланишига ҳисса қўшмоқда ҳамда хавфсизликка жиддий таҳдидларнинг олдини олиш учун пухта замин яратмоқда.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг ташқи сиёсат ва халқаро муносабатлар йўналишида эришган ютуқларининг асоси, албатта, Конституциямизда белгилаб қўйилганини алоҳида таъкидлаш зарур. Асосий қонунимизнинг IV боби “Ташқи сиёсат” деб номланган ва 17-моддада мамлакатимиз ташқи сиёсий фаолиятининг асосий тамойиллари ва ўзига хос жиҳатлари белгилаб қўйилган.

Ўтган йиллар мобайнида Конституциямиздаги мазкур модда асосида мамлакатимиз ўз ташқи сиёсати ва халқаро алоқаларини юритиб келди. Келгусида бу борадаги фаолиятни юқори босқичга олиб чиқиш учун Асосий қонунимизга бирмунча ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарурияти юзага келмоқда.

Президентимиз Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда таъкидлаганидек, “Ўтган даврда биз жаҳоннинг кўплаб давлатлари билан, хусусан, минтақадаги барча мамлакатлар билан ҳамкорликни яхшиладик, яқин қўшничилик ва дўстлик муҳитини мустаҳкамладик.

Шундан келиб чиқиб, Асосий қонунимизга Ўзбекистон барча давлатлар, энг аввало, ўзининг яқин қўшнилари билан тинчликпарвар ва дўстона сиёсат юритиши, унинг ташқи сиёсати инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, давлатларнинг ҳудудий яхлитлигига оид принцип ва нормаларга асосланиши ҳақидаги моддани қўшишни таклиф этаман”.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикасининг ўтган йиллар мобайнида олиб борган ташқи сиёсати ва халқаро алоқаларига эътибор қаратар эканмиз, мамлакатимизнинг самарали, ўзаро манфаатли ҳамда тинчликпарвар муносабат юритиши орқали бутун минтақада тинчлик ва барқарорликнинг таянчи бўлганига гувоҳ бўламиз. Мамлакатимизнинг мазкур ижобий позицияси қуйидаги ўзига хос жиҳатларда намоён бўлади.

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси ўз ташқи фаолиятини умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ тамойилларига таянган ва уларга қатъий риоя этган ҳолда олиб борди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларга киришар экан, давлатларнинг суверен тенглиги тамойилини ҳурмат қилган ҳолда ўзаро тенг ва манфаатли алоқалар ўрнатишга интилиб келди.

Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида халқаро ҳуқуқнинг “куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик” тамойилига ҳам таянган ҳолда фаолият юритиб келди.

Шунингдек, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ҳам мамлакатимиз ташқи сиёсатида оғишмай амал қилиб келинди. Айниқса, қўшни мамлакатларимизда чегараларга яқин ҳудудларда рўй берган синовли кунларда давлатимиз ва халқимизнинг оғирлик, босиқлик билан вазиятга ёндашуви низоларни тинч йўл билан ҳал этишга ҳамда бошқа мамлакатларда рўй бераётган ички ижтимоий-сиёсий жараёнларга аралашмасликка катта устуворлик берилаётганлигини намоён этади.

Иккинчидан, мамлакатимизда халқимизнинг тинчлиги ва фаровонлиги ҳамда хавфсизлигини таъминлаш масалаларига ҳам устувор вазифа сифатида ёндашув мавжудлиги ўтган давр мобайнида олиб борилган ташқи сиёсатимизда ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топди. Хусусан, минтақа доирасида турли хавф-хатарларнинг олдини олиш ва бартараф этиш орқали халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётини таъминлашга қаратилган катта саъй-ҳаракат олиб борилгани барчага маълум.

Ушбу йўлда Ўзбекистон Республикаси ҳамдўстлик мамлакатлари ҳамда турли давлатлараро ташкилот ва тузилмаларга кириш ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда фаол ва очиқ ташқи сиёсат юритиб келди. Буни Ўзбекистон Республикаси бугунги кунда 40 дан ортиқ халқаро ташкилот доирасида кўп томонлама алоқаларни самарали олиб бораётганида кўришимиз мумкин. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг муайян халқаро тузилмалардан ажралиб чиқиши ёки уларда фаолиятини тўхтатиши ҳолатларини Конституциямизда бу борада белгиланган нормаларнинг амалдаги ифодаси сифатида талқин этишимиз лозим.

Учинчидан, мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида ташқи сиёсий фаолиятга ҳам янгича қарашлар асосида ёндашув мавжудлиги бу борадаги ишларнинг сезиларли даражада жадаллашувига олиб келди. Хусусан, мамлакатимизнинг дунёга очилиши, дунё мамлакатлари билан икки ва кўп томонлама ҳамкорликка доимий шайлик ва ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга интилиш, бир сўз билан айтганда, прагматик ташқи сиёсат юритиш Янги Ўзбекистон халқаро муносабатларининг ўзига хос жиҳати сифатида намоён бўлмоқда.

Конституциямизнинг “Ташқи сиёсат” бобида белгиланган нормаларга таянган ҳолда олиб борилган халқаро алоқалар бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг халқаро ҳамжамиятдан муносиб ўрин олишини ҳамда илиқ муносабатлар олиб борилишини таъминлаб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнида мамлакатимиз ташқи сиёсати ва халқаро ҳамкорлигига доир келгуси фаолиятининг ҳуқуқий асослари тегишли тартибда Конституциямизда акс эттирилади. Бу, албатта, келгуси тараққиётимиз учун мамлакатимизнинг дунё ҳамжамияти билан ўзаро манфаатли ва дўстона муносабатларини давом эттиришда муҳим асос бўлади.

Рустам РАШИДОВ,

сиёсий фанлар бўйича

фалсафа доктори, доцент