Музокаралар чоғида томонлар кўп қиррали ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни кенгайтириш имкониятларини, шунингдек, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш дастури доирасида лойиҳаларни амалга оширишда эришилган ютуқ ва натижаларни муҳокама қилдилар.

Шу нуқтаи назардан барча келишилган йўналишлар доирасида янги соҳалар ва янги мавзулар бўйича қўшма семинарлар, тренинглар ва бошқа тадбирларни ўтказишга келишилди. Шунингдек, томонлар ушбу ҳамкорлик дастурини кенгайтириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш учун биргаликда ишлашда давом этади.

Бирлашган Араб Амирликлари томони Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ёшлар ўртасида ахборот-коммуникация технологиялари ва дастурий таъминотни оммалаштиришга катта эътибор қаратилаётганлигини алоҳида қайд этди. Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг декабрь ойида ўтказилган Ёшлар форуми давомида Давлат раҳбари томонидан кейинги икки йил мобайнида 300 минг талабани дастурлаш асослари бўйича бепул ўқитиш топширилган эди. Томонлар ушбу ташаббусни рўёбга чиқаришнинг амалий жиҳатларини ва навбатдаги тадбирларини муҳокама қилдилар.

Шунингдек, инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, саноат ва туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистондан Бирлашган Араб Амирликларига янги узилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кўпайтириш бўйича Бирлашган Араб Амирликлари Иқтисодиёт вазирлигининг таклифлари устида иш олиб борилаётганлиги маълум қилинди. Ўзбекистон томони Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда аниқ лойиҳавий таклифларни ишлаб чиқишни бошлаганлигини ва уларни келгусида БАА томонига тақдим этишини маълум қилди.

Видеоконференция якунида икки томонлама ҳамкорликнинг барча соҳаларидаги долзарб масалаларни зудлик билан ҳал этиш юзасидан ҳамкорликни фаоллаштиришга келишилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.