Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Латвия ташқи ишлар вазири Эдгарс Ринкевичс бошчилигидаги делегация вакилларининг Иқтисодий, саноат ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия раиси, қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев билан учрашуви бўлиб ўтди.

Ушбу учрашув 2021 йил апрель ойида ўтказилган Ўзбекистон ва Латвия Республикалари ўртасидаги Ҳукуматлараро комиссиянинг иқтисодий, саноат ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича саккизинчи йиғилишининг мантиқий давоми ҳисобланади.

2021 йил апрель ойида Ҳукуматлараро имзоланган баённомага кўра, 25 та ҳужжат ва бир қатор чора-тадбирлар, шу жумладан, савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳасида 7 та тадбир, 2 таси ҳудудлараро ҳамкорлик соҳасида, 4 таси қишлоқ хўжалигида, 2 таси фармацевтикада, 3 таси транспорт соҳаларида, 2 таси ахборот-коммуникация технологиялари, 3 таси таълим ва 2 таси туризм соҳасида амалга оширилиши режалаштирилган, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати. 

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ҳамда Латвия ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил октябрь ойида ўрнатилган. Шундан буён Ўзбекистон Латвиянинг Ўрта Осиёдаги асосий ҳамкорларидан бири ҳисобланади.

Анъанага кўра, Латвия ва Ўзбекистон ўртасида мустаҳкам сиёсий ва иқтисодий муносабатлар сақланиб келяпти. Бу борада сўнгги йилларда мамлакатлараро мулоқот, юқори даражадаги ташрифлар алмашинуви, ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ўзаро сиёсий маслаҳатлашувлар жадал ривожланяпти, шунингдек, иқтисодий масалалар юзасидан ҳукуматлараро йиғилишлар ўтказиб келиняпти.