Ўзбекистон вакиллари томонидан OIS нинг Ислом оламининг истиқболли минтақалараро ва халқаро ташаббусларини муваффақиятли илгари сураётган, шунингдек, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳаларда Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг фаол ривожланишини таъминлайдиган нуфузли халқаро ҳукуматлараро Ислом ташкилотларидан бири сифатида аҳамияти қайд этилди. «Ислом – тинчлик ва тараққиёт дини» тамойилига асосланган самарали мулоқот платформаси сифатида OISни янада ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлик билдирилди.

Ўзбекистон бугунги кунда OISнинг роли ва аҳамиятини мустаҳкамлашга ижобий ҳисса қўшишда давом этаётгани таъкидланди. Ташкилот раҳбарияти икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Ўзбекистон билан сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳаларда кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Орол денгизининг қуриши оқибатларини бартараф этиш ва мамлакат аҳолисининг тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чораларини назарда тутган ҳолда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида аниқ лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Ушбу йўналишларда мавжуд тажриба ва илғор технологиялар билан тизимли равишда алмашиш бўйича келишувга эришилди.

Томонлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг Ташкилотга аъзо давлатлар билан транспорт-логистика муносабатларини ривожлантириш борасида янги ташаббусларни ишлаб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлиги тўғрисида келишиб олдилар.

Учрашув якунида OIS ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган амалий ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, томонлар «Хива – OIS 2024 сайёҳлик пойтахти» тадбирларини ташкил этиш доирасида Ҳамкорлик тўғрисидаги битим юзасидан келишиш ва тасдиқлашни тезлаштиришга келишиб олдилар, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.