Учрашувда икки давлат раҳбарларининг жорий йил август ойидаги учрашуви ва унда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстона ва стратегик шериклик муносабатларини энергетика соҳасида янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, янги истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда нефт-газ соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, электр энергетикаси, қайта тикланувчи энергия манбалари, Марказий Осиё — Озарбайжон “Яшил энергия коридори”, геологик қидирув ишлари, нефть ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш ҳамда нефтни қайта ишлаш соҳаларидаги қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди.

Учрашувда икки мамлакат Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шерикликни, жумладан, энергетика соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва Озарбайжон Республикаси Энергетика вазирлиги ўртасида 2026–2028 йилларда энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича Йўл харитаси имзоланди.

Ҳужжатда “Яшил энергия коридори” лойиҳасини амалга ошириш, нефт-газ соҳасида геологик қидирув ва қазиб чиқариш, нефть ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш, нефтни қайта ишлаш соҳасида қўшма лойиҳаларни ривожлантириш ҳамда SOCARнинг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш каби устувор йўналишлар белгиланди.