Тадбирда Марказий Осиё халқаро институти директори Владимир Норов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиева, Қирғиз Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Асеин Исаев, Қирғиз Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий стратегик тадқиқотлар институти директори Азиз Канатбек ва бошқалар давлатимиз раҳбарининг мазкур ташрифи қардош халқларимиз муносабатларида янги саҳифа очувчи муҳим тарихий воқеа бўлганини алоҳида эътироф этди.
Шунингдек, давлат ташрифининг тарихий дўстона руҳда ўтгани, самимий ва самарали келишувларга бой бўлгани Президентларнинг икки мамлакат, бутун минтақа хавфсизлиги ҳамда барқарорлиги йўлидаги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва чуқурлаштиришни мақсад қилган кучли сиёсий иродасини намойиш этгани қайд этилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги – кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқувчи декларациянинг имзоланиши ушбу ташрифнинг муҳим натижаларидан бири бўлди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорликнинг қатор йўналишларини қамраб олган икки томонлама шартномалар тўплами имзоланди.
Президентимизнинг давлат ташрифи мобайнидаги мулоқотлар чоғида иқтисодиёт, транспорт логистикаси, сув ресурслари ва бошқа соҳаларда яқин ҳамкорлик билан бирга минтақавий тузилмалар ва халқаро мулоқот майдонлари доирасидаги бирдамлик, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорлик, замонавий хатар ва таҳдидларга самарали қарши курашиш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Олий даражадаги мулоқотлар тизимли ва фаол тус олгани ҳамкорликни салмоқли даражада мустаҳкамлаш, янги ўсиш нуқталарини аниқлаш ва амалий шерикликни кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Бишкек музокаралари давлатларимиз икки ва кўп томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, уларни сифат жиҳатидан тўлдириш ва мазмунан бойитишга тайёр эканини яна бир бор тасдиқлади.
Ўзбекистон – Қирғизистон ўртасидаги серқирра ришталарнинг мустаҳкам пойдевори ва асосий тамойилларини умумий тарих, кўп асрлик ўзаро ҳурмат ва яхши қўшничилик анъаналари бирлаштириб туради. Икки давлатнинг замонавий алоқалари қисқа давр ичида сезиларли даражада мустаҳкамланди ва кенгайди. Олий ва юқори даражалардаги, шу жумладан, йирик халқаро ва минтақавий ташкилотлар — БМТ, МДҲ, ШҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасидаги мунтазам учрашувлар ҳамкорлик юқори даражада эканининг яққол тасдиғидир.
2022 йили Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувида иштироки доирасида Қирғизистонга, Қирғизистон Президентининг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилоти саммитлари доирасида Ўзбекистонга амалий ташрифлари бўлиб ўтди. Бундан ташқари, мамлакатимиз делегацияларининг Қирғизистонга қатор юқори даражадаги ташрифлари амалга оширилди. Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчиларининг сиёсий иродаси ҳамда икки томонлама ҳукуматлараро комиссиянинг саъй-ҳаракатлари самарасида мамлакатларимиз ўртасидаги давлат чегарасини делимитация қилиш бўйича энг мураккаб масалалар ҳал этилди. Ҳамкорликдаги ҳаракатлар туфайли мамлакатларимиз ўртасида товар айланишида барқарор ўсиш кузатилмоқда. Сўнгги 6 йил мобайнида ўзаро товар айланмаси ҳажми 7 баробардан кўп ўсиб, 2022 йили 1,26 миллиард долларга етди. Саноат ва инвестиция кооперацияси соҳасидаги ҳамкорлик равнақ топмоқда.
Мамлакатларимиз ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик ҳам фаол ривожланмоқда. Ўзбекистон Марказий Осиёда туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга. Президентимиз ташаббуси билан туризм инфратузилмаси тубдан янгиланиб, соҳага давлат томонидан кўмак берилаётгани Қирғизистон экспертлари томонидан алоҳида таъкидланди.
Маълумотларга кўра, 2022 йилда Ўзбекистонга Қирғизистондан 1 миллион 300 мингдан ортиқ, ўз навбатида, Қирғизистонга қарийб 2,5 миллион фуқаро ташриф буюрган.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчиларининг олий даражали музокаралари якунлари бўйича имзоланган ҳужжатлар икки томонлама ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини очиб беришга ҳамда ўзбек-қирғиз стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада фаол ривожлантириш нафақат қардош мамлакатларнинг иқтисодий равнақига, балки бутун минтақа тараққиётига хизмат қилади.