Учрашувда парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, Ўзбекистон-Қозоғистон ўзаро манфаатли муносабатларини, шунингдек, бутун Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик механизмларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди.

Мулоқот чоғида икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва ишончли алоқалар юқори суръатда ривожланаётгани, минтақалараро ҳамкорлик форумларининг мунтазам ўтказиб келинаётгани бунга ёрқин мисол бўла олиши ҳам қайд этилди.

Хусусан, Т.Нарбаева таъкидлаганидек, бундай шароитда икки томонлама ва кўп томонлама форматдаги парламентлараро алоқалар икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши керак. Шу муносабат билан Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати бундан буён ҳам Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошириш ниятида ва ўзаро манфаатли икки томонлама муносабатларнинг мавжуд салоҳиятини имкон қадар оширишга қаттиқ бел боғлаган.

Ўз навбатида, учрашувда М.Ашимбаев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати ўртасидаги ҳамкорлик бўйича комиссия мажлислари фаолияти самарадорлигини ва натижадорлигини, бу эса Марказий Осиё минтақасидаги ўзаро ҳамкорликнинг янги шаклларининг муҳим натижаси эканини қайд этди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар 2023 йилда Тошкент шаҳрида Қозоғистон аёл ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказиш, шунингдек, транспорт, соғлиқни сақлаш ва минтақавий туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, «Бир тур – бутун минтақа» қўшма дастурини амалда рўёбга чиқариш доирасида янги йўналишларни ишлаб чиқиш орқали ривожлантириш чораларини кўриш бўйича келишувга эришди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.