Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар, ички ишлар ҳамда мудофаа вазирлари, шунингдек, хавфсизлик хизматлари раҳбарлари иштирокида «4+4» механизми доирасида учрашув ўтказилди. 

Учрашувда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб йўналишлари, минтақавий масалалар ҳамда глобал хавфсизликка доир жараёнлар муҳокама қилинди. Томонлар ҳозирги кунда дунёда кузатилаётган жадал ўзгаришлар ва уларнинг ривожланаётган мамлакатлар учун келтириб чиқараётган янги чақириқларига эътибор қаратди.

Музокаралар давомида барқарор ривожланиш ва фаровонликни таъминлашда хавфсизлик масалалари муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Шу муносабат билан, замонавий глобал воқеликларни инобатга олган ҳолда, ўзаро ҳамкорликни янада самарали йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.

Саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш мақсадида томонлар яқин истиқболга мўлжалланган Қўшма ҳаракатлар режасини қабул қилди.

Шунингдек, учрашув доирасида делегация аъзолари Туркия Республикаси Президенти Ражаб Таййиб Эрдоған билан ҳам учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саломи етказилиб, икки томонлама муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун қулай шарт-шароитлар яратилгани қайд этилди.

Мазкур «4+4» механизми доирасидаги учрашув Ўзбекистон ва Туркия ҳукуматларининг турли идоралари ўртасидаги ҳамкорлик изчил равишда мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.