Музокаралар чоғида икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришнинг улкан салоҳияти алоҳида таъкидланди, устувор йўналишларда муносабатларни чуқурлаштириш учун мавжуд ресурс ва имкониятларни сафарбар қилиш долзарблиги қайд этилди.
Яқин вақт ичида ҲК Ўзбекистондаги навбатдаги йиғилишини ўтказиш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, ҲК доирасида Ўзбекистон - Туркманистон Ишбилармонлар Кенгашининг иккинчи йиғилиши ҳам ташкил этилади. Бўлажак тадбирлар кун тартибини шакллантириш ва янги инвестициявий лойиҳалар ҳамда савдо битимларини ишлаб чиқишга қаратилган икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идораларининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари фаоллаштирилади.
Томонлар транспорт ва логистика соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратдилар. Икки мамлакат Транспорт вазирликлари томонидан санитария-эпидемиология талабларига риоя этган ҳолда тўғридан-тўғри ҳаво транспорти ҳамда халқаро автомобиль қатновларини қайта тиклаш масалалари устида иш борилишига келишиб олинди. Шунингдек, чегара ўтиш нуқталарининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, ўзаро савдонинг ўсиши учун тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш ҳамда икки мамлакатнинг транспорт қувватлари ва транзит салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшма чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ишлари амалга оширилади. Ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ва таклифлар Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистонни боғловчи транспорт йўлакларини янада ривожлантириш учун тегишли «Йўл харитаси»да бирлаштирилади.
Музокаралар якунида томонлар эришилган келишувларни рўёбга чиқариш бўйича биринчи даражали саъй-ҳаракатларни белгилаб олдилар, деб хабар беради Инвестициялар ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.