Бу саволга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг ўринбосари Нурмат Атабеков қуйидагича жавоб берди:
— Ўтган йиллар давомида жами 21 та вакцина сақлаш омборлари, шу жумладан, 1 та миллий, 14 та минтақавий ва 6 та туман омборлари қурилиши қўллаб-қувватланган эди.
Ҳозирги вақтда мамлакатимиз бўйича 16 та вакцина омбори қуриб битказилиб, 29 та махсус совиткичлар вакцина омборларига ўрнатилди.
Қолган 5 та вакцина омборхонаси эса 2021 йилнинг биринчи чораги охиригача қуриб, фойдаланишга топширилиши кутиляпти.
Жорий йилнинг иккинчи чораги якунига қадар миллий омборхона ҳам қуриб битказилади.
Барча омборларга ёнғин хавфсизлиги ва сигнализация тизими ўрнатилган бўлиб, улардаги мавжуд совуқликни таъминлаб бериш тизимлари замонавий генераторлар ва стабилизаторларга уланган. Уларнинг барчаси вакциналарни юклаш-тушириш ускуналари, автокаралар ва махсус кийимлар билан таъминланди.
Шунингдек, вакциналарни хавфсиз ва тезкор ташиш учун юртимизга жами 17 та авторефрижиратор, 206 Miniven-Labo автомашиналари келтирилди.
Вилоятларга жами 34 та музхона, 10 121 дона термоконтейнер ва термосумка, 749 та музлаткич, бирламчи даволаш-профилактика муассасаларига 2 мингдан ортиқ совиткич ўрнатилган.
Бундан ташқари, ҳудудларга жами 4 000 ҳарорат индикатори ва 5 000 музлатиш индикатори тарқатилди, эҳтиёт қисмлари захираси яратилиб, мавжуд омборлар ихтиёрига ўтказилди.
Олиб борилган ана шундай тадбирлар натижасида иммунопрофилактика дастурларининг ўз вақтида, тўлиқ ижро этилиши орқали юртимизда нафақат коронавирус, балки бошқа бошқарилувчи юқумли касалликлар бўйича эпидемик барқарорликка эришиляпти.
Нурмат Атабеков билан бу борада суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ўтказди.