Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги босқичи доирасида сўнгги йилларда миллий статистика соҳасини ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ислоҳотларнинг муҳим йўналиши сифатида Ўзбекистонда статистик маълумотлар очиқлигини таъминлаш ҳамда халқаро ташкилотлар билан статистикани шакллантириш ва ахборот алмашинуви бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Бугунги кунда, жами 16 та халқаро статистика ташкилоти билан ахборот алмашинуви йўлга қўйилган бўлиб, жумладан, 2018 йилнинг май ойидан бошлаб, Ўзбекистон Халқаро валюта жамғармасининг кенгайтирилган Маълумотларни тарқатишнинг умумий тизимида 24 та йўналиш бўйича 422 турдаги макроиқтисодий, молиявий ва ижтимоий статистик кўрсаткичлар тўпламларини эълон қилиб бормоқда. Шунингдек, Давлат статистика қўмитаси томонидан мамлакатимизни яна бир муҳим халқаро статистик тадбир — Бирлашган миллатлар ташкилотининг  “Халқаро таққослаш дастури — 2021” (ХТД-2021) да муносиб қатнашишини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мазкур йўналишдаги ишларнинг муҳим аҳамияти шундаки, бунда мамлакатимиз БМТнинг статистика соҳаси бўйича энг кенг қамровли ва муҳим глобал дастурида илк бор расман иштирок этмоқда.

Халқаро таққослаш дастурида қатнашиш доирасида қўмита томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот беришдан аввал мазкур глобал статистик дастур моҳияти ва унинг тарихига қисқача тўхталиш жоиз.

Халқаро таққослаш дастури — дунёнинг деярли барча давлатлари статистика идоралари иштирок этадиган халқаро статистик дастур бўлиб, унинг доирасида валюталар харид қобилияти паритети, ЯИМ ва унинг таркибий қисмларини халқаро даражада ва мамлакатлараро таққослаш ишлари амалга оширилади.

Валюта харид қобилияти паритети — мамлакатлардаги нархлар даражасини ўрганиш ва ўзаро таққослаш асосида аниқланадиган алмашув курси — (Purchasing power parity  PPP), миллий валюталар расмий курсларига муқобил алмашув курси ҳисобланади.

Халқаро таққослашлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, мамлакатлар иқтисодиётларини таққослаш ишлари илк бор Европа Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти доирасида 1950 ва 1954 йилларда ўтказилган.

Валюта харид қобилияти паритетига асосланган таққослаш ёндашувининг ишлаб чиқилишига зарурат XX асрнинг ўрталаридан бошлаб аксарият валюталар расмий курсларининг уларни харид қобилиятини акс эттирмаслиги ва шу сабабли макроиқтисодий таққослашда қониқарли аниқликни таъминлай олмаслиги билан боғлиқ ҳисобланади.

Мазкур ҳолат кўплаб мамлакатларда  валюталарнинг расмий алмашув курсларини бошқаришга ўтилиши, жумладан, қатъий белгилаб қўйилиши ёки сунъий пасайтирилиши натижасида юзага келган. Яна бир камчилик сифатида валюта расмий курс­ларида ривожланишнинг турли босқичида бўлган мамлакатларда товар ва хизматлар нархларидаги фарқланишлар, хусусан, нисбатан паст даромадли ривожланаётган мамлакатларда товар ва хизматларнинг одатда арзонроқ бўлишини акс этмаслиги таъкидланади.

Бошқача қилиб айтганда, валюталар расмий курслари асосида амалга оширилган халқаро таққослашлар мамлакатлар иқтисодиёти ва аҳолиси турмуш фаровонлиги бўйича ҳақиқатга мос бўлмаган хулосаларни келтириб чиқариши мумкин.

Ўз навбатида, бугунги кунда ўтказилаётган “Халқаро таққослаш дастури”нинг дастлабки шакли — “Халқаро таққослаш лойиҳаси”, яъни валюта харид қобилияти паритетига асосланган миллий ҳисоб тизимлари кўрсаткичларининг глобал таққослаш тизими 1960 йиллар охирида БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши қарорига асосан ишлаб чиқилган.

“Халқаро таққослаш лойиҳаси” илк бор 1968 йилда ўтказилган бўлиб, унда 10 та мамлакат — Венгрия, Ҳиндистон, Италия, Кения, Колумбия, Буюк Британия, АҚШ, Германия, Франция ва Япония иштирок этган. 1985 йилда “Халқаро таққослаш лойиҳаси” “Халқаро таққослаш дастури” деб ўзгартирилди. Ушбу дастурда 1993 йилда 83 та, 2005 йилда 146 та, 2011 йилда 197 та ҳамда 2017 йилда 176 та мамлакат қатнашди.

Дастур ташаббускорлари БМТ ва Жаҳон банки бўлиб, одатда у ҳар 3 йилда бир маротаба ўтказилади. Ушбу дастурнинг халқаро даражада мувофиқлаштирувчиси — Жаҳон банки, МДҲ мамлакатлари бўйича эса — МДҲ Давлатлараро статистика қўмитаси ҳисобланади.

Дастур доирасида давлатлар 6 та гуруҳларга, яъни Африка, Осиё, МДҲ, Европа, Америка ва Ғарбий Осиё мамлакатлари гуруҳларига бўлинади.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси МДҲ давлатлари гуруҳига киритилган бўлиб, мамлакатимизнинг ХТД глобал дастуридаги иштироки бўйича тадбирлар МДҲ Статистика қўмитаси билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Халқаро таққослаш дастурида қатнашиш доирасида валюталарни харид қилиш қобилияти паритети ва макроиқтисодий кўрсаткичларни ҳисоблаш ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан мураккаб жараён бўлиб, маҳсулотлар ва хизматлар нархлари, уларнинг ишлаб чиқарилиши ва фойдаланилиши тўғрисида катта ҳажмдаги маълумотларни йиғиш ҳамда қайта ишлашни талаб этади. Бунда, дастурда кўзда тутилган ишларни тўлиқ ҳажмда бажариш учун одатда 3 йил вақт талаб этилади ва у “таққослашлар цикли” деб аталади.

ХТД натижаларидан Халқаро ташкилотлар (БМТ, Жаҳон банки, ХВЖ, ОECД, Европа иттифоқи), миллий ҳукуматлар, шунингдек, илмий ташкилотлар ва экспертлар таҳлилий ҳамда амалий мақсадларда кенг фойдаланади. Хусусан, халқаро таққослаш натижаларидан мамлакатларнинг умумий иқтисодий ривожланиш даражасини ва халқларнинг турмуш фаровонлигини баҳолаш, миллий иқтисодиёт самарадорлиги ва салоҳиятини аниқлаш ҳамда таққослаш, мамлакатларнинг молиявий имкониятларини таҳлил қилиш (халқаро ташкилотлар бюджетига ажратмаларни ҳисоблаш учун), уларга халқаро ёрдам бериш бўйича қарорлар қабул қилиш каби ишларда қўл келади.

Энди бевосита мамлакатимизнинг “Халқаро таққослаш дастури – 2021”да иштирокига тўхталадиган бўлсак, бу борада Давлат статистика қўмитаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 августдаги “Ўзбекистон Республикасида миллий ҳисобларнинг замонавий тизимини жорий қилиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, кенг кўламли тайёргарлик ишлари йўлга қўйилди. 

Бу борада, энг аввало, 2017-2019 йиллар давомида Ўзбекистон Республикасининг “ХТД — 2017” босқичида экспериментал тартибда иштирок этиши таъминланди. Хусусан, мазкур тадбир доирасида мамлакатимиз ҳудудида 1700 дан ортиқ товар ва хизматлар нархлари кузатувлари ўтказиш йўлга қўйилди ҳамда тўп­ланган нарх маълумотлари МДҲ статистика қўмитасига миллий валютамиз сўмнинг харид қобилияти паритетини ҳисоблаш учун тақдим этиб борилди.

Шунингдек, ХТД услубий талабларидан келиб чиққан ҳолда, қўмита томонидан юртимизнинг 2017 йил учун якуний истеъмол усулида ҳисобланган ЯИМ кўрсаткичини 200 га яқин таркибий қисмларга ажратиш ишлари бажарилди.

“ХТД — 2021” глобал тадбирида иштирок этиш бўйича ишларни самарали ташкил этиш мақсадида қўмита таркибий тузилмасида алоҳида бўлинма — Халқаро таққослаш дастури бўйича нархлар кузатуви статистикаси бўлими ташкил этилди ҳамда малакали кадрлар  танлаб олинди. Қўмитанинг тегишли таркибий бўлинмалари ходимлари билим ва малакасини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, “ХТД — 2021” масалалари билан бевосита шуғулланувчи ходимлар МДҲ Статистика қўмитаси томонидан уюштирилган қатор ўқув курсларида қатнашди.

Ўзбекистоннинг “Халқаро таққослаш дастури – 2021” глобал тадбиридаги иштироки расман 2021 йилдан бошланган бўлиб, жумладан, Давлат статистика қўмитаси томонидан ҳар чоракда 2211 турдаги товарлар ва хизматлар, шу жумладан, 1039 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва 462 турдаги хизматлар нархларини ўрганиш юзасидан кузатувлар ўтказилади. Тўп­ланган нарх маълумотлари МДҲ Статистика қўмитасига харид қилиш қобилияти паритетини ҳисоблаш учун тақдим этиб борилади.

Умуман олганда, сўнгги уч йил давомида амалга ошириб келинаётган тайёргарлик ишлари Давлат статистика қўмитаси мутахассислари учун муҳим амалий тажриба орттириш имконини берди. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимизнинг “Халқаро таққослаш дастури – 2021” глобал тадбирида муносиб иштирок этиши учун замин яратади.

Баҳодир БЕГАЛОВ,

Давлат статистика қўмитаси раиси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор