Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.

Яқин Шарқ яшил ташаббуси (МГИ) Саудия Арабистони Қироллиги (САҚ) томонидан иқлим ўзгаришининг минтақага таъсирини юмшатишга қаратилган минтақавий ташаббусдир. МГИнинг 50 миллиард дарахт экиш ва минтақа бўйлаб 200 миллион бузилган ҳудудларни тиклаш мақсадларига эришиш мақсадида валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Ал Сауд МГИ лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун САҚга 2,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида ёрдам беришини эълон қилди.

Ташаббус асосчиларидан бири сифатида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистони Қироллиги Атроф-муҳит, сув хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги вазири А. Ал Фадли раислигида бўлиб ўтган олий даражадаги йиғилишда иштирок этди.

Учрашувда Ташаббуснинг 20 та асосчи давлати, жумладан САҚ, Қатар, БАА, Миср, Баҳрайн, Уммон ва бошқа давлатларнинг атроф-муҳит вазирлари иштирок этди.

Вазир Ал Фадлининг таъкидлашича, чўлланиш ва ерларнинг тез таназзулга учраши муаммолари МГИ мамлакатларини бирлаштиради ва бу ҳодисалар оқибатларига қарши биргаликда курашиш учун жамоавий саъй-ҳаракатларни амалга ошириш имкониятини беради.

А.Абдуҳакимов ўз нутқида МГИ Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Вазир Оролбўйининг қайта тикланиши натижалари, шунингдек, “Яшил макон” миллий лойиҳасининг ютуқлари билан ўртоқлашди.

Ўзбекистоннинг яшил қопламани тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатлари Ташаббус Ижроия кенгаши томонидан “Юқори” (мамлакатларнинг кўкаламзорлаштириш бўйича самарадорлигини баҳолаш методологияси бўйича) дея эътироф этилди.

Мамлакатлар МГИ ижроия қўмитасининг иш натижаларини кўриб чиқдилар, унинг доирасида операцион жараёнларни тартибга солувчи фундаментал ҳужжатлар, шунингдек, чўлланиш ва ерларнинг деградациясига қарши курашиш бўйича мамлакат лойиҳаларини баҳолаш механизмлари ишлаб чиқилди. Вазирлар кенгаши аъзолари, шунингдек, МГИ Жамғармасининг фаолияти ва бошқаруви тўғрисидаги низомни, шу жумладан МГИ Бош котиби лавозимига номзодни ва МГИни амалга оширишни бошлашни таъминлаш бўйича бир қатор бошқа муҳим қарорларни тасдиқладилар.