ранспорт вазирлиги  маълумотига кўра, хизмат сафари давомида Корея Республикасининг Ер, инфратузилма ва транспорт вазирлиги, Корея транспорт институти ҳамда Сеул шаҳри маъмуриятининг тегишли мутахассислари билан консултатив учрашувлар ўтказилди.

Шунингдек, Сеул шаҳри жамоат транспорти соҳасида амалга оширилган кенг кўламдаги ислоҳотлар, хусусан, шаҳарда жорий этилган автобус йўлаклари (BRT), интеграллашган электрон тўлов (T-Money) тизими, даромадларни ташувчилар ўртасида тақсимлашда «Pool» тизими, жамоат транспорт инфратузилмасида аҳолининг заиф қатламлари учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишилди.

Бундан ташқари, Жанубий Корея шаҳарларида жорий этилаётган транспортдан ҳоли бўлган «яшил» ҳудудлар ва жамоат транспорти парки учун электробуслар харид қилишда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тажрибалари ўрганилди.

Ўзбекистон вакиллари  Сеул шаҳар маъмурияти қошида ташкил этилган транспорт маълумоти хизмати (TOPIS) фаолияти билан танишдилар. TOPIS ходимлари шаҳар транспорт тизимини оператив бошқарув фаолияти, ҳайдовчисиз ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг пилот лойиҳалари ҳамда реал вақт режимида транспорт ва йўл маълумотларини таҳлил қилиб бориш имкониятлари ҳақида маълумот бердилар.

Учрашувлар давомида Тошкент шаҳрида жамоат транспорти соҳасини ислоҳ қилиш, шу жумладан, «яшил» транспорт йўлакларини жорий этишда ўзаро билим ва тажриба алмашинуви бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.