Жорий йилнинг 17-22 август кунлари Германия пойтахти Берлин шаҳрининг таниқли “Konzerthaus Berlin” мусиқа саройида ““Young Euro Classic” номли халқаро мумтоз мусиқа фестивали ҳафталиги бўлиб ўтди.

Мумтоз мусиқа санъати орасида ушбу фестивалнинг мақоми жуда юқори бўлиб, унда АҚШ, Куба, Греция, Нидерландия, Грузия, Франция, Эстония, Руминия, Украина ва бошқа мамлакатлардан келган ёшлар оркестрлари иштирок этади.

Ватанимиз тарихида илк бор ушбу нуфузли халқаро маданий тадбирда Ўзбекистон Ёшлар симфоник оркестри ҳам муваффақиятли  қатнашди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Камолиддин Ўринбоев бошчилигидаги ёшлар симфоник оркестри жамоаси Мустафо Бафоев, Фредерик Шопен, Сергей Рахманинов, Иван Фишер, Амер Жафар каби композиторларнинг таниқли асарларини моҳирона ижро этиб, мусиқа шинавандалари олқишларига сазовор бўлди.

Ўзбекистон оркестр жамоасининг, айниқса машҳур ўзбек пианиночиси Элеонора Котлибулатованинг ижролари жаҳон мусиқа олами вакилларининг ҳақли эътирофларига сазовор бўлди.

Ўзбекистонлик ёш иқтидорли санъат усталарининг ушбу нуфузли халқаро мусиқий фестивалдаги иштироки мамлакатимиз санъати довруғини дунёга танитишда ўз ҳиссасини қўшди.

Ўзбекистонлик ёш мумтоз мусиқа санъати усталари ижро этган маданий дастур томошабинлар томонидан гулдурос қарсаклар билан муносиб олқишланди.

Мамлакатимиз ёшлар симфоник оркестрининг концерти “Deutschlandfunk” радиокомпанияси томонидан ёзиб олинди ва 24 август куни Германия бўйлаб эфирга узатилади.