Миллий статистика қўмитасининг маълум қилишича, мазкур кўрсаткич 2025 йилдаги йиллик инфляциянинг озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда хизматлар бўйича нарх индекслари асосида алоҳида индексация қилинган ҳолда ҳисоблаб чиқилган.
Қайд этилишича, Жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиш кенг тарқалган бўлиб, мазкур кўрсаткичдан:
- давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш;
- мамлакатнинг камбағаллик чегарасини белгилашда фойдаланиш ва бунда таргет гуруҳдаги аҳолининг реал истеъмол хусусиятлари ва талабларини инобатга олиш;
- камбағалликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзиллилигини ошириш, шунингдек, уларнинг доимий мониторингини юритиш;
- пенсиялар ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек, камбағал оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмакларни кўрсатишда мезон сифатида фойдаланилади.
Ўзбекистон Республикасида ҳам мазкур амалиёт илғор халқаро тажриба ва тавсиялар асосида ишлаб чиқилган ва ўрнатилган тартибда қабул қилинган услубиёт асосида амалга ошириб келинмоқда.