Улғайиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, асраб-авайлаш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойилларига таянган ҳолда, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини босқичма-босқич ислоҳ этиш, бола ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва қонунчиликни такомиллаштиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ҳамда “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонида Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамловчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан мазкур қонун лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ички ишлар, Адлия, Халқ таълими, Мактабгача таълим вазирликлари, Бош прокуратура, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази масъуллари ҳамда ОАВ ходимлари қатнашди.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасида бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахсларга тобе бўлмаган тарзда амалга ошириши, Болалар омбудсмани Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан беш йил муддатга сайланиши, Болалар омбудсмани лавозимига номзод Олий Мажлисининг палаталари кўриб чиқиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан киритилиши тўғрисидаги нормалар ўз аксини топмоқда.

Шунингдек, лойиҳада Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг аризалар, таклифлар ва шикоятлар тарзида келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиши, бола ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг айрим жиҳатларига эътиборни кучайтириш зарур бўлганда Вакил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Вазирлар Маҳкамасига ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузалар тақдим этиши белгиланяпти.

Бундан ташқари қонун лойиҳасида бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг қонунчилик бузилишларини бартараф этиш юзасидан ваколат берилган раҳбарларига бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларига риоя этилишига доир қонунчиликнинг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисидаги тақдимнома киритиш ва вакил томонидан давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига ёзма равишда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларига риоя этилишига доир қонунчиликнинг бузилишига йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги огоҳлантириш юбориш тартиб-тамойиллари ўз аксини топмоқда, деб хабар беради Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.