Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Ўзбекистон халқига мурожаатини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари – Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.

Президентимизнинг шахсий ташаббуси асосида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги ихтисослаштирилган муассасалар, Саховат, Мурувват уйлари, шифохоналар, тиббий-реабилитация марказлари, сиҳатгоҳлар тубдан реконструкция қилинмоқда. Тиббий-реабилитацияга оид илғор инновацион технологияларни жорий этиш, ногиронликнинг асоратларини камайтириш, фуқароларни соғломлаштириш бўйича янги методлар, технологиялар амалиётга кенг жорий этилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг сана муносабати билан йўллаган мурожаати алоҳида эҳтиёжли ҳамюртларимизга меҳр ва эътибор кўрсатишнинг янада янги уфқларини, галдаги долзарб вазифаларни кўрсатиб бергани билан аҳамиятлидир. Бу жиҳатлар ногиронликни белгилашнинг эскирган тиббий моделидан умумэътироф этилган ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш, эндиликда бино ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш, жамоат транспорти, ахборот ва алоқа воситаларини ишлаб чиқаришда ногиронлиги бўлган шахсларнинг улардан ҳеч бир монеликсиз фойдалана олишига бирламчи аҳамият қаратиш каби кечиктириб бўлмас ҳаётий масалалар билан чамбарчас боғлиқдир.

Айни пайтда ногиронлиги бор шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказларидаги қамров ҳажмини икки баробар ошириш, ҳудудлардаги ўнга яқин шундай марказларни кенгайтириб, замонавий тиббий ва реабилитация ускуналари билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилиши диққатга сазовордир.
Тадбирда санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокида катта концерт дастури намойиш этилди.
