Тадбир 2021 йил 8-13 ноябрь кунлари «Замонавий амалий санъат: декор ва услуб» номи остида ўтказилди.

Расмий ёпилиш маросимида Бош вазир ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов иштирок этди.

Азиз Абдуҳакимов биенналенинг мақсадига тўхталиб ўтди.

«III Тошкент амалий санъат халқаро биенналесининг асосий мақсади замонавий амалий санъатни жаҳон ҳамжамиятига намойиш этиш орқали миллий қадриятларни асраш, турли халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек унутилган анъаналарни тиклашдан иборатдир», — деди Азиз Абдуҳакимов.

Халқаро биенналеда Франция, Италия, Швеция, Австралия, Кения, Япония, Хитой, Покистон, Туркия, Уммон, Эрон, Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон, Беларус, Россия, Украина ва Болгария каби мамлакатлардан 60 дан зиёд амалий санъат усталари иштирок этди. Ўзбекистон номидан 100 дан ортиқ ҳунарманд ўз санъат асарларини намойиш қилди.

Биеннале доирасида ўзбек ва хорижий декоратив санъати, миллий сопол маҳсулотлари, хаттотлик, миниатюра ишлари кўргазмалари, кулолчилик ва тасвирий санъат бўйича маҳорат дарслари, ёш дизайнерларнинг миллий ва замонавий либослар намойишлари ўтказилди.

Кўргазма Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар зали, Икуо Хираяма Халқаро маданий карвонсаройи, Тошкент фотография уйи, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ҳамда Тасвирий санъат галереясида ўтказилди.

Дастур доирасида хорижий амалий санъат усталари Самарқандга саёҳат қилишди ва ҳудуднинг маданий ҳамда туристик салоҳияти, шунингдек ўзбек халқининг турмуш тарзи, тарихи ва маданияти билан яқиндан танишишди.

Биенналенинг ҳакамлар ҳайъати таркибидан хорижий мамлакатларнинг нуфузли вакиллари – Озарбайжон Миллий фанлар академиясининг Санъат ва архитектура институти директори Эртегин Саломзода, Бутунроссия декоратив санъати музейи раҳбари Елена Титова, ЮНEСКОнинг Марказий Осиё бўйича халқаро эксперти Надежда Ждравкова ўрин олишди.

Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, қуйидагилар совринли ўринларни эгаллади:

1-ўрин - Зарафшон Шакардодова, Дилмурод Шарипов (Тожикистон);

2-ўрин - Уболсин Дауленова (Қозоғистон);

3-ўрин - Ирина Лебедева (Россия).

Биеннале Гран-присига Ўзбекистон вакили – керамика санъати устаси Абдувоҳид Каримов муносиб кўрилди, деб хабар беради Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.