Янги ГЭСларнинг давлат – хусусий шериклик тамойили асосида қурилиши инвесторларга кенг имкониятлар яратиб беради.
Бу борада “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Ўзбекистонда биринчи бор давлат – хусусий шериклик асосида умумий қуввати 46,6 МВт, йиллик ўртача ишлаб чиқариши 179 миллион кВт/соат ва умумий қиймати 106,9 миллион доллар бўлган 5 та – “Қизилдарё”, “Сувлисой”, “Дукентсой”, “Қамчиқ” ва “Қуйи Кўксув” ГЭС лойиҳалари ягона лот сифатида инвестор (хусусий шерик) жалб қилиш мақсадида малака сўрови тендерига (РФҚ) қўйилишини маълум қилади.
ДХШ асосида қурилиши режалаштирилган ГЭСларга Жаҳон банки томонидан “Институционал салоҳиятни ошириш” грант маблағлари ҳисобидан юқори малакага эга хорижий маслаҳатчилар йўлланди.
Хусусан, “Synergy Infrastructure and Financial Advisory Services Inc” молиявий маслаҳатчи, “Dolsar Engineering” техник маслаҳатчи ва “UNICASE” юридик маслаҳатчи сифатида тендер асосида танлаб олинди ҳамда ушбу компаниялар билан шартномалар имзоланди.
Мазкур компаниялар лойиҳа ҳужжатларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш бўйича иш олиб боради.
Тендерлар ягона лот орқали ўтказилиши лойиҳаларнинг амалга оширилишини соддалаштириб, жараённи оптималлаштиради ва самарадорлик ҳамда шаффофликни таъминлашда қўл келади.
Лойиҳаларнинг узоқ муддатли молиявий барқарорлиги ва ҳаётийлигини таъминлашда, табиий ресурслардан тўлиқ фойдаланган ҳолда энг юқори муҳандислик стандартлари асосида ишлаб чиқилишида, қурилиш жараёнининг барча жиҳатини ҳуқуқий тартибга солишда хорижий компанияларнинг тажрибасидан фойдаланилиши эса инвесторлар фаолиятини кафолатлашга хизмат қилади.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ буюртмачи сифатида мазкур лойиҳаларнинг ишга туширилишида барча манфаатдор маҳаллий ҳамда хорижий инвесторларни тендер савдоларида фаол иштирок этишга таклиф қилади.
Тендер савдолари жорий йил август ойида лотга чиқарилиши режалаштирилган.
Жараён хусусида жамиятнинг расмий саҳифалари орқали тўлиқ маълумот бериб борилади.