Шу муносабат билан ZOOM платформаси орқали ўтказилган маросимда ТДЮУ ректори Раҳим Хакимов, Миколас Ромерис университети ректори Жалениене Инга ва университетларнинг маъсул xодимлари иштирок этди.

Маросимда таъкидланганидек, икки томонлама келишув асосида университетлар ўртасида илмий ва маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида имзоланган мазкур меморандум мамлакатимизда юридик таълим ва фанни ривожлантириш йўлидаги навбатдаги қадамдир.

Университетлар ўртасида имзоланган меморандумга мувофиқ фан ва таълим соҳасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларни кучайтиришга ва академик мобиллик дастурини ривожлантиришга келишиб олинди.

Шунингдек, мазкур меморандум доирасида имзоланган шартномаларга мувофиқ, магистратура босқичида ўқиётган ёки ўқимоқчи бўлган талабалар “1+1” дастури бўйича “Икки томонлама” ҳамда “1+1+1” дастури бўйича эса “Уч томонлама” диплом олиш имкониятини қўлга киритади. Ушбу қўшма таълим дастурлари бўйича ўқишга кирган талабалалар ТДЮУ ва Миколас Ромерис университети, шунингдек Франциянинг Савойи-Монблан университетида “Халқаро ҳуқуқ” ва “Халқаро бизнес ҳуқуқи” йўналишлари бўйича таҳсил олишлари ва тегишлича иккита ёки учта дипломни биратўла қўлга киритиши мумкин.

Шунингдек, дастурга мувофиқ, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг академик алмашинувини йўлга қўйиш, докторантурада таҳсил олувчиларга биргаликда илмий раҳбарлик қилиш, ҳамкорликда халқаро конференциялар ва илмий учрашувлар, давра суҳбатлари ва тренинглар ўтказилади. 

Маросим давомида ТДЮУ ва Миколас Ромерис университети ўртасида кўшма дастур ташкил этиш бўйича шартнома ва дастур низоми имзоланди ҳамда икки олий таълим муассасаси ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Маълумот учун, Миколас Ромерис университети Литва давлатининг Вильнюс шахрида жойлашган олий ўқув юрти бўлиб, “Ҳуқуқ” йўналиши бўйича мамлакатда нуфузли университет ҳисобланади. Бугунги кунда университетда жами 21 минг нафар талаба таълим олиб келмоқда. Уларнинг 6 минг 500 нафари дунёнинг 58 мамлакатидан ташриф буюриб ўқиётган хорижий талабалардир.

Тошкент давлат юридик университети

Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими