Мазкур фермер хўжалигида ноёб навли ёнғоқ, бодом ва гилос кўчатлари етиштирилади. 

Туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев мазкур фермер хўжалигида бўлиб, унинг фаолияти, амалга оширилаётган зироатчилик-соҳибкорлик ишлари билан танишди. 

Айни кунларда хўжаликка қарашли жами 20 гектар майдоннинг 5 гектарида ёнғоқнинг "чандлер" нави бўй чўзмоқда. 

Шунингдек, 5 гектар майдонда бодомнинг француз нави, яна 1 гектар майдонда эса гилоснинг янги испан нави махсус мутахассис ва агрономлар кўмагида парваришланмоқда. 

Ноёб мевали дарахт кўчатларини суғориш учун хўжаликда Исроил технологияси асосидаги томчилатиб суғориш усули йўлга қўйилган. 

Эндиликда, мазкур боғда киви плантациясини ташкил этиш ҳам режалаштирилган. Токдошлар туркумига мансуб бўлган ушбу цитрус мевасини етиштириш ҳадисини пухта эгаллаш учун лойиҳа ташаббускорлари Туркия давлатида бўлиб, тажриба алмашиб келгани ҳам маълум қилинди.

Дастлабки босқичда 1 гектар, кейинчалик яна 4 гектар майдонда киви етиштириш ҳақидаги аниқ ҳисоб-китоб ва режалар муҳокама қилинди.