Унда келгуси ҳафта республикада ҳаво ҳароратининг аномал пасайиши даврида ёқилғи-энергетика соҳасидаги ишларни тизимли ташкил қилиш, истеъмолчиларни электр билан доимий таъминлаш масалалари муҳокама қилинди ва қатор вазифалар белгилаб берилди.
Бунинг учун:
1. Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятига киритилаётган чекловлар давом эттирилади;
2. Йирик ишлаб чиқариш корхоналарига табиий газ етказиб бериш ҳажми кескин камайтирилади;
3. Энерготизимдаги йирик истеъмолчиларнинг кунлик электр энергияси истеъмоли камайтирилади ва тежалган 11-12 млн кВт-соат электр энергияси аҳоли истеъмолига йўналтирилади;
4. Барча истеъмолчиларни бир маромда электр энергияси билан таъминлаш учун маҳаллий ҳокимликлар билан келишиб, тасдиқланган графикларга асосан қисқа муддатли чекловлар киритилади;
5. Электр энергиясини ишлаб чиқарувчи иссиқлик электр станциялари ва марказларнинг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида кунига ўртача 49 млн куб метр табиий газ етказиб берилади. Бугунги кунда мазкур станциялар учун 90 минг тонна мазут ва 280 минг тонна кўмир ёқилғиси захираси яратилди;
6. Истеъмолчиларга кунлик кўмир етказиб бериш ҳажми 5000 тоннадан 8000 тоннага оширилади.
Йиғилишда совуқ кунларда электр энергиясига бўлган талаб ортиши натижасида электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида ҳам юкламалар кескин ошиши таъкидланди.
Бунда, диспечерлар маҳаллий ҳокимликлар ва ҳудудий электр тармоқлари белгиланган муддатдан ортиқ чекловлар киритмаслиги таъкидланди.
Икки соатдан ошмаган вақт оралиғида ҳудудлар кесимида жорий этилаётган чеклов графиклари барча вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида эълон қилиб борилиши таъминланади.
Шунингдек, аномал совуқ кунларида тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган носозликларни бартараф этиш учун электр ва газ таъминоти корхоналарида туну-кун ишлайдиган 1000 дан ортиқ махсус бригада ташкил этилди. Ушбу бригадалар муаммоларни тезкорлик билан бартараф этилишини таъминлайдилар.
Истеъмолчилар электр энергияси таъминоти юзасидан 1154 қисқа рақами ёки Телеграмдаги @HET_admin администраторга, табиий ва суюлтирилган газ таъминоти юзасидан 1104 ёки 104 телефон рақамларига ҳамда кўмир таъминоти юзасидан 78-148-30-03, 71-244-38-28 телефон рақамларига мурожаат қилишлари мумкин.
«Шу ўринда истеъмолчилардан электр қурилмалари ва иситиш мосламаларига ниҳоятда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишларини, ушбу қурилмалардан фойдаланилмаётган вақтларда тармоқдан ажратиб қўйишларини, энергия ресурсларидан имкон қадар тежамкорлик билан фойдаланишларини, шунингдек, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш юзасидан берилаётган тавсияларга қатъий риоя қилишларини сўраймиз»,-дейилади вазирлик ахборотида.