2022 йил ҳосили учун республика ҳудудларида 330,5 минг гектардан ортиқ майдонларга дуккакли дон экинлари экилган бўлиб, шундан 35,8 минг гектари (11%) ловия экини улушига тўғри келади (ўтган йилга нисбатан 5,9 минг гектар кўп). Ловия асосий экин сифатида 5,1 минг гектар ва такрорий экин сифатида 24,5 минг гектар майдонларга ҳамда 6,1 минг гектар боғ қатор ораларига жойлаштирилган. Бугунги кунда Андижон, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё, Фарғона, Сирдарё, Сурхондарё вилоятлари фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан парваришланяпти, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Ловия экинининг ўсув даври қисқа, эртапишарлиги сабабли республикамиз шароитида бир йилда икки марта дон ҳосили етиштириш имконияти мавжуд. Жумладан, эрта баҳорда асосий экин сифатида ва кузги бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонларга такрорий экин сифатида экиш тавсия этилади.