Мониторинг давомида ҳаводаги чанг, олтингугурт диоксиди, азот диоксиди, азот оксиди, углерод оксиди, фенол, фтор водород, аммиак, формальдегид, оғир металлар, PM10 ва PM2,5 майда зарралари кузатилади.
Атмосферанинг ифлосланиши ҳақидаги маълумотлар Экология вазирлигининг eco.gov.uz/uz/meteo/index сайтига интеграция қилинди.

Бу маълумотлар, шунингдек, IQAir веб-сайтида ҳамда «Ўзгидромет»нинг monitoring.meteo.uz платформасида ҳам бериб борилади.
Сайтдаги ҳавонинг ифлосланиши Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кўрсатмалари (ЖССТ) билан таққосланади. ЖССТнинг тавсиялари қатъий, аммо республикамизнинг географик ва иқлимий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда бундай кўрсаткичларга эришиш қийин. Унга кўра, PM 2,5 нинг ўртача йиллик миқдори 5 мкг/м3, ўртача суткалик миқдори 15 мкг/м3. Дунёнинг ҳеч бир мамлакатидаги кўрсаткичлар ЖССТ тавсия этган стандартларга мувофиқ эмас, кўп давлатлар ўз миллий стандартларини қабул қилган.
Маълумот учун, АҚШ ва Мексикада бу стандарт 12 мкг/м3, Беларус ва Японияда – 15 мкг/м3, Европа Иттифоқи мамлакатларида – 25 мкг/м3, Россияда – 20 мкг/м3, Хитойда 35 мкг/м3, Ҳиндистонда эса 40 мкг/м3. Жанубий Кореяда PM 2.5 стандарти йўқ.
Таъкидлаш жоизки, айни дамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистонда атмосфера ҳавоси сифати мониторинги бўйича миллий платформа ва мобил иловани ишлаб чиқишга қаратилган лойиҳа амалга оширилмоқда. Унга кўра, ҳаводаги майда заррачалар миқдори ва уларнинг аҳолига таъсири бўйича миллий ҳаво сифати стандартлари ишлаб чиқилади. 2023 йилда лойиҳа доирасида Сурхондарё, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида аҳолининг атмосфера ҳавоси ифлосланишидан касалланиш даражасини ўрганиш бошланди.
Шу билан бирга, республикада атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасининг жорий кўрсаткичи маълум бир ҳудуд учун устувор ифлослантирувчи моддалардан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган Атмосфера ифлосланишининг комплекс индекси (AII) ҳисобланади.
Тошкент шаҳрида 2015–2023 йиллардаги AII кўрсаткичлари

Жадвалдан кўриниб турибдики, кейинги йилларда ҳавонинг ифлосланиш даражаси ортиб бормоқда. Шунингдек, Тошкент шаҳрининг атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори бўйича рухсат этилган максимал концентрациядан 1,3 баравар ошиб кетган.

Шу билан бирга, 2023 йилда Тошкент шаҳридаги ҳаво ифлосланишини автоматик назорат қилувчи станциялар маълумотларига кўра, IQAir веб-сайти шкаласига кўра, энг ифлосланган ой январь ойи бўлган.

ЖССТ тавсияларига кўра, ҳавонинг ифлосланиши саломатлик учун хавфли бўлиб, инсульт, юрак-қон томир касалликлари, нафас олиш тизими хасталиклари ва ўпка саратонини келтириб чиқаради.
Маълумот учун, аввалроқ Тошкентда атмосфера ҳавоси ифлосланишига табиий ва техноген манбалардан ифлослантирувчи ташламалар ташланиши сабаб бўлаётганлиги ҳақида хабар берган эдик. Аҳоли турмуш даражаси ва саломатлигини яхшилаш учун онлайн режимда ишончли, сифатли ахборот олиш учун автоматик мониторинг станцияларини жорий этиш орқали республика шаҳарларида ҳаво ифлосланишини мониторинг қилиш тизимини кенгайтириш, энергияни тежаш, энергия тежайдиган қурилмалардан фойдаланиш масалалари бўйича аҳолининг хабардорлигини ва турар-жой биноларининг энергия самарадорлигини ошириш ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш лозим.