Замонавий фармацевтика соҳаси анъанавий доришунослик, яъни, табиат инъом этган доривор гиёҳлар асосида ривожланиши сир эмас. Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунё бўйича фармацевтика саноатида ишлаб чиқарилаётган дори воситаларининг 50 фоиздан ортиғи шифобахш ўсимликлар хомашёсидан тайёрланади. Демак, доривор гиёҳларнинг хили қанча кўп ўрганилса, тиббиёт шунча ривожланиб боради. Қолаверса, сўнгги йиллар мамлакатимизда доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш тадбиркорликнинг янги йўналишига айланиб боряпти.

Шифобахш ўсимликларни ўрганиш, янги турларини юртимиз шароитига мослаштириш ҳамда саноат миқёсида ишлаб чиқариш анча жадаллашган. Бу борада қатор ҳужжатлар имзоланиб, талабгорларга қулай имтиёзлар ҳам бериляпти. Жорий йилнинг 20 май куни имзоланган “Доривор ўсимликлар хомашё базасидан самарали фойдаланиш, қайта ишлашни қўллаб-қувватлаш орқали қўшимча қиймат занжирини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони билан тармоқни ривожлантиришга оид яна янги вазифалар белгиланди. Хусусан, туманларни доривор ўсимликлар етиштириш бўйича ҳудудлар кесимида ихтисослаштириш, 2026 йилгача 36 минг гектар майдонда янги доривор ўсимликлар плантациялари ташкил этиш, шу фаолият тури билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига қўшимча имтиёз ва молиялаштириш тартибларини жорий этиш кўзда тутилган. Бу билан юртимизда шифобахш ўсимликлар етиштириш ва қайта ишлаш кўлами янада кенгаяди.

Салқинсевар ўсимлик

Доривор ўсимликлар хомашё базасини шакллантириш аввало, уларнинг янги турларини аниқлаш, дунёда тарқалган шифобахш гиёҳларни ўрганиш ҳамда юртимиз шароитига мослаштиришдан бошланади. Олимларимиз бу борада узоқ йиллардан буён илмий ва амалий тажрибалар олиб боради. Аммо ўсимликларни маданийлаштириш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш ишлари сўнгги йиллардагина фаоллашди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда доривор ўсимликларнинг 700 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, шулардан табиий шароитда ўсадиган ва маданийлаштирилган 120 дан зиёд ўсимлик турларигина илмий ва халқ табобатида қўлланилади. Охирги йилларда бу рақамлар сезиларли ўсиб боряпти. Мутахассислар инсон саломатлиги учун фойдали ва фармацевтикада қўллаш мумкин бўлган кўплаб доривор ўсимликларни ўрганиб, юртимиз шароитига мослаштириш ишларини олиб боряпти.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида ҳам янги турдаги доривор ўсимликлар тажриба майдонларида ўстирилмоқда. Шулардан бири дунё бозорида “тугма” номи билан танилган қимматбаҳо перилла доривор ўсимлигидир. Перилла салқинга чидамли, зах жойларда яхши ўсгани боис, боғ ва токзорлар орасига экиш тавсия этиляпти. Асосийси, унинг парвариши бошқа экинларга зиён етказмайди.

Одатда, токзорлар ораси салқин бўлгани учун у ерда маҳсулот етиштириш осон эмас. Халқимиз бундай ерларда асосан “тўқсонбости” усулида сабзавот экинлари, чорва моллари учун ем-хашак ўстиради. Ундан олинадиган ҳосил кам бўлиб, кўпинча хонадон эҳтиёжидан ортмайди, даромад ҳам у қадар юқори эмас. Бордию, бу жойларда перилла доривор ўсимлиги етиштирилса, бир неча баробар кўп даромад олиш мумкин.

Сабаби, перилла дунёда асосан фойдали ёғи учун экилиб, кўпайтирилади. Аммо жаҳон бозорида ўсимликнинг барги ва поясига ҳам талаб катта. Перилланинг ёғи фармацевтика ва озиқ-овқат саноатида кенг қўлланилса, устки барглари косметологияда, ёғ миқдори юқори бўлган барг ва поялари эса узоқ ёнувчан брикет тарзида, пичан ҳолатида чорва моллари учун озуқа сифатида фойдаланилади. Қолаверса, перилла таркиби организм ва саломатлик учун муҳим бўлган тўйинмаган “omega” ёғларига бой. Шу боис, у замонавий тиббиётда юрак-қон томир, бронхит, асаб ва бошқа кўплаб касалликларни даволашда қўлланилади. Таркибидаги ёғ инсон организмидаги холестерин миқдорини камайтириш хусусиятига эга бўлиб, қандли диабетда фойда беради. Ўсимлик ёғи Шарқ ошхонасида ҳам севиб истеъмол қилинади. Шу боис, унинг харидорлари кўп. Биргина Хитой давлатининг ушбу ўсимликка бўлган йиллик талаби 50 минг тоннадан зиёд.

Томорқада ҳам етиштириш мумкин

Перилланинг ватани Осиё қитъаси эканига оид маълумотлар бор. У илк бор Хитой, Япония, Корея давлатларида маданийлаштирилган. Кейинчалик дунёнинг турли минтақаларига тарқалди.

Ўзбекистонда периллани етиштириш учун қулай иқлим шароити мавжуд. Айниқса, шимолий ва шарқий ҳудудларда яхши ўсади. Ўсимлик уруғи февралнинг охири, март ойи бошида ерга қадалиб, июнь ойи охирларида йигиштириб олинади. Чунки бу салқинсевар ўсимлик жазирама иссиқда уруғларини тўкиб юбориши мумкин. Юртимиз шароитида периллани ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экин сифатида етиштириш ҳам самарали.

Ўлкамизнинг турли ҳудудларида ушбу доривор ўсимликни етиштириш ишлари бошлаб юборилган. Жорий йилдан перилла Ўзбекистонда илк бор тажриба сифатида 2 гектар майдонга экилди. Уруғлар Тошкент, Фарғона, Андижон, Наманган ва Сирдарё вилоятларидаги токзор ҳамда боғлар ораларига қадалиб, Жанубий Кореялик мутахассислар кўмагида парваришланмоқда. Юртимизда буғдой ҳосили йиғиб олингач, яна 3 гектар майдонга такрорий экин сифатида перилла экилади. Тажриба натижасига қараб, келаси йили 100—500 гектар майдонда ўсимликни кўпайтириш режалаштирилган.

Бу орқали нафақат фармацевтика саноати учун хомашё базасини яратиш, балки қишлоқ хўжалигида яхшигина даромад олиш мумкин. Масалан, Кореяда перилла уруғи саноат даражасида қайта ишланиб, ундан шифобахш мой олинади. Ҳозирча бизда бу технология жорий этилмагани боис, аввалига маҳсулот уруғини экспорт қилишимиз мумкин. Жаҳон бозорида 1 тонна перилла уруғининг нархи 4,5-5 минг долларгача боради. Ўсимлик ҳосилдорлиги эса анча юқори — гектаридан 1500 килограммгача уруғ олинади.

Периллани аҳоли томорқаларида ҳам етиштириб, қўшимча даромад олса бўлади. Ўсимлик парвариши ортиқча ҳаракат ва маблағ талаб этмайди. Одатдаги агротадбирлар олиб борилса кифоя.

Ҳозирда талабгор аҳоли хонадонларига перилла уруғлари етказиб бериляпти. Келгусида ҳудудларда перилла ўсимлигини оммалаштириш, қўшимча даромад манбаи сифатида туманлар, маҳаллаларни перилла етиштиришга ихтисослаштиришни мақсад қилганмиз. Кейинчалик доривор ўсимликни саноат миқёсида қайта ишлаб чиқариш ҳам мамлакат иқтисодиётига сезиларли фойда келтиради.

Зайниддин ФАЙЗУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бош мутахассиси

(“Янги Ўзбекистон” газетасининг 24.05.22, 102-сонида чоп этилган)