“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори билан ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори ва Устав билан Уюшмага юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида 13 та ҳудудий ва 144 та туман “Агропилла” МЧЖ фаолияти йўлга қўйилган.

 2021 йилда 11 та ипак қурти уруғчи ишлаб чиқариш ҳамда 80 та пиллачилик кластерлари, ипак, пахта ва жун аралашмаларидан қўлда тўқилган гиламлар ҳамда ипак мато ва тайёр ипакли кийим-кечаклар ишлаб чиқарувчи корхоналари “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси аъзоси ҳисобланади. Уюшма тизимида жами 862,5 минг нафар аҳоли банд бўлса,  шундан 32,6 минг нафари доимий ва 829,9 минг нафари мавсумий ишчилар ҳисобланади.

 2021 йилнинг 10 ойи давомида пиллачилик кластерлари томонидан тут ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш орқали пилла етиштириш ҳажмини ошириш мақсадида республика бўйича жами 2,7 минг гектар ер майдонида янги тутзорлар барпо этилди ва 67,5 миллион туп тут кўчатлари экилди. Натижада, янги экилган тут кўчатлари ва барпо этилган тутзорлар ҳисобига тут плантациялари майдони 53,4 минг гектарга, якка қатор тутлар сони қарийб 119,5 миллион тупга етказилди.

Уюшма ташкил этилгандан кейин, ипак қурти уруғчилиги корхоналари тўлиқ ўрганиб чиқилиб, уларни модернизация қилиш, хорижий ҳамкорлар билан қўшма корхоналар ташкил этиш ҳамда соҳа мутахассисларини Хитойда тажриба алмашиш ва малакасини ошириш ишлари мунтазам равишда олиб борилаяпти.

Бугунги кунда республика бўйича уруғчилик корхоналари сони 13 тага етказилиб, маҳаллийлаштириш даражаси 59,8 фоизни ташкил этмоқда.

 Жорий йилда етиштирилган пилла хомашёси тизим корхоналари томонидан тўлиқ қайта ишланиб, ипак маҳсулотлари экспортга йўналитирилмоқда.  Тизим корхоналари томонидан етиштирилган пилла хомашёсини қайта ишлаш қувватларидан фойдаланиш даражаси 2020 йилда 94 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткич 100 фоизга етказилди.

 Бундан ташқари, жорий йилда Умимий ҳисобда 117,4 миллион доллар миқдоридаги 101 та инвестицион лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.

Пилла маҳсулотлари экспорт географиясида ҳам кенгайиш кузатилмоқда. Хусусан, 2020 йилда 14 та давлатга экспорт қилинган бўлса, жорий йилнинг 10 ойлигида экспорт қилинган давлатлар сони 16 тага етди