Мамлакатимизда  ҳар йили 27,8 минг тонна бодом ишлаб чиқарилади.

Шунингдек, бу йил республика бўйича  фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 2,6 минг гектар бодом боғларини барпо этиш режалаштирилган бўлиб, жорий йил баҳор фаслида 1,9 минг гектарга бодом боғлари ташкил қилинди. Қолган 699 гектар майдонга эса октябрь-ноябрь ойиларида кўчатлар экилади.

Ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларини инобатга олиб, бодом етиштириш бўйича ихтисослаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Миришкор, Касби туманлари, Наманган вилоятининг Косонсой, Поп, Чуст, Янгиқўрғон туманлари, Самарқанд вилоятининг Қўшробод тумани, Сурхондарё вилоятининг Жарқурғон, Сариосиё туманлари, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол, Зомин, Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманларининг айрим ҳудудлари бодом етиштиришга ихтисослаштирилган.

Ёруғсевар, турли иқлимга мослашувчан бодом ихтисослаштирилган ҳудудлардан ташқари,  Фарғона водийсида, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида кенг тарқалган. Бодом дарахтининг бўйи баланд, шох-шаббаси пирамида шаклида ёки тарвақайлаган бўлади, илдиз тизими бақувват, 6 метр чуқурликкача тарқалиб ўсади. Бодом дарахтлари одатда 6-8 метргача бўлади. Айрим ҳолларда дарахтининг баландлиги 12 метргача бўлиши мумкин.

У қурғоқчиликка жуда чидамли бўлиб, жой танламайди, сувсиз, тошлоқ ва тоғнинг унумсиз ёнбағирларида ҳам яхши ўсади.

Бодом кўчати кузда ёки эрта баҳорда экилади. У ёруғликка талабчан бўлганлиги сабабли салқин жойларда яхши ўсмайди, таркибида оҳаги бўлган соз тупроқларда яхши ривожланади.

Бодом энг эрта, бошқа мевали дарахтлардан олдин – февраль ва март ойининг бошларида гуллайди, шунинг учун текисликларда баҳорги совуқлар уни зарарлайди. Бодом меваси август-сентябрь ойида пишади. Бодом 3-4 ёшидан ҳосилга киради, 12-18 ёшидан 35-40 йилгача яхши ҳосил беради. Яхши парваришланса, 60-100 йил яшаб, ҳосил бериши мумкин.

Бодом қишки совуқларга чидамли бўлишига қарамай, баҳорнинг охирларида совуқ ҳаво келиши доимий кузатиладиган жойларда фақат гуллашни кечроқ бошловчи навлар танланиши ишончлироқ бўлади.

Бодомнинг “Гўзал”, “Тянь-шан” маҳаллий нави, кеч гуллайдиган “Бўстонлиқ”, кеч гуллайдиган “Никитин”, “Угом”, “Юпқа пўчоқ”, “Ялта”, “Малика”, “Зарина”, “Қиличнусха”, “Ўзбек ғалвираги” каби навлари  юқори сифатли истиқболли сифатида экишга тавсия қилинади.

Бодом ҳосилини йиғиш даври минтақа ва етиштирилаётган навга қараб ўзгаради. Мамлакатимизда бодом ҳосили асосан июль ойи ўрталаридан бошлаб август ва сентябрь ойларигача давом этади.