“The Keepers” – бу бугунги кунда ноёб касб эгалари, маданий меросни асраб-авайлаш ва урф-одатларни давом эттиришга бағишланган инсонлар ҳақидаги учта қисқа метражли ҳужжатли фильмлар.
Мазкур фильмлар қаҳрамонлари: Алла ижрочиси Мадина Бозорова, қадимий китоблар реставратори Шуҳрат Пўлатов ва Тошкент курантлари соатсози Шоазим Шоабдиев. Очилиш доирасида «Ҳужжатли фильмлар ва маданий мерос: методология ва амалиёт» мавзусида давра суҳбати ҳам бўлиб ўтди. Давра суҳбати иштирокчилари: ҳужжатли фильмлар яратувчилари Элжон Аббосов, Олег Карпов, Алексей Улко, Элмира Ҳасанова.
Иштирокчилар томонидан маданий меросни сақлаш ва ўрганиш учун ҳужжатли фильмлардан фойдаланиш, Ўзбекистондаги киноиндустрияни ривожлантириш муаммолари, шунингдек, ўзбек киноижодкорлари ва ҳужжатли фильм ижодкорларининг юртимиздаги моддий ва номоддий маданий меросни сақлашдаги ҳиссаси муҳокама қилинди.
Маълумот ўрнида: Тошкент курантининг соатсози Шоазим Шоабдиев ҳақидаги фильмда томошабинга илк маротаба эски соат механизми намойиш этилади. Курантларнинг ўзига хослиги шундаки, соат уруш бошланишидан анча олдин Шарқий Пруссиядаги Алленштейн кичик шаҳарчасини безаб турган. Совет ҳужуми пайтида бино жиддий зарар кўрган бўлиб, йиқилиш хавфи туфайли уни бузишга қарор қилишган. Бироқ минора устидаги соатни портлатмасдан олиш мумкинлигини моҳир соатсоз сержант Александр Эйзенштейн сезган. Кейинчалик курантларни унинг туғилган шаҳрига Эйзенштейн хизмат қилган полкдан совға қилишган. Улар тўрт минг километрдан кўпроқ йўл босиб, Тошкентга етказилган.