Республикада 2,8 минг та давлат иштирокидаги корхона мавжуд. Мамлакат ялпи ички маҳсулотининг қарийб ярми айнан шу корхоналар ҳиссасига тўғри келади.
Корхоналарни бошқаришда давлат яхши менежер ҳисобланмайди. Ушбу корхоналарнинг кўпчилиги самарасиз фаолият кўрсатади, улар давлат учун қўшимча юк бўлади ҳамда уларга берилган тариф, солиқ ва бошқа имтиёзлар сабабли ушбу соҳадаги рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатади.
Ҳозирда 541 та давлат иштирокидаги корхона акция пакетлари ва улушлари сотилиши, улардан 62 таси бўйича хусусийлаштиришдан олдин тайёрлаш ва инвестициявий жозибадорлигини ошириш ишларини халқаро ва маҳаллий консалтинг ташкилотларини жалб этган ҳолда амалга ошириш белгиланган.
Асос - “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон.
Қолган корхоналар эса яқинда қабул қилиниши кутилаётган “Давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш Стратегияси” асосида ҳар йили танқидий таҳлил қилиниб, уларни сотиш, тугатиш ёки қайта ташкил этиш бўйича таклифлар киритилади.
Бугунги кунда баҳоланган қийматда савдога чиқарилган 231 та объект сотилмай қолмоқда. Уларнинг 71 таси 6 ойдан буён, 47 таси эса, 1 йилдан ортиқ муддатда савдода турибди.