Мазкур электропоездлар Корея Республикасининг “Hyundai Rotem” компанияси томонидан Ўзбекистон учун ишлаб чиқарилган. Тадбирда соҳа мутасаддилари, мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Маълумки, техник хизмат кўрсатиш маркази 2018 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирга қадар асосан “Afrosiyob” электропоездларига хизмат кўрсатиб келинмоқда. 2026 йилдан бошлаб эса янги цехда “Jaloliddin Manguberdi” электропоездларига ҳам тўлиқ техник хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади.

Янги цех замонавий технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, поезд араваларига хизмат кўрсатиш платформалари, автоматлаштирилган ювиш қурилмалари ҳамда том қисмига хизмат кўрсатиш мосламаларини ўз ичига олади. Шунингдек, илк бор цех ичида 25 минг вольтли контакт линиялари ўрнатилди.

Марказда ҳозирда 289 нафар ходим фаолият юритмоқда. Экологик барқарорлик мақсадида қуввати 250 кВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилган бўлиб, улар ойига ўртача 11 минг кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқармоқда.

Айни пайтда мамлакатимизда 6 та “Afrosiyob” ва 6 та “Jaloliddin Manguberdi” электропоезди мавжуд. 2026 йилдан бошлаб “Jaloliddin Manguberdi” электропоездларининг Тошкент – Урганч – Хива йўналиши бўйича қатнови йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Темир йўл соҳасида сунъий интеллект ва инновацион ғоялар тақдим этилди

Тадбир доирасида темир йўл транспорти соҳасида сунъий интеллект ва ахборот технологияларига асосланган инновацион ғоялар тақдим этилиб, энг яхши лойиҳалар муаллифлари тақдирланди.

Етакчилар Кенгаши ҳамда стратегик ривожлантириш ва саноат фаолиятини такомиллаштириш департаменти ташаббуси билан «Темир йўл транспортида сунъий интеллект ва ахборот технологиялари соҳасидаги инновацион ғоялар» мавзусида танлов ўтказилди. Унда жами 18 та лойиҳа иштирок этди. Мутахассислар ва соҳавий экспертлар лойиҳаларни амалий аҳамияти, инновацион ечимлари ва самарадорлиги асосида баҳолади.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси Зуфар Нарзуллаев сўзларига кўра, кейинги йилларда қабул қилинган қонун ва қарорларнинг самарали ижроси соҳадаги ютуқларга замин яратди. Шунингдек, у ёшларнинг ғоялари темир йўл соҳасини ривожлантиришда муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади.

Танлов натижаларига кўра, энг манфаатли 9 та лойиҳа саралаб олинди. Улар темир йўлда рақамли технологияларни жорий этиш, бошқарув жараёнларини автоматлаштириш ҳамда хавфсизлик ва самарадорликни оширишга қаратилган.

Якунларга кўра, 3 нафар ғолиб пул мукофоти билан тақдирланди:

  • 1-ўрин — БХМнинг 25 баробари,
  • 2-ўрин — БХМнинг 15 баробари,
  • 3-ўрин — БХМнинг 10 баробари.

Шунингдек, яна 6 та лойиҳа муаллифлари қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилди.

Мазкур танлов темир йўл соҳасида сунъий интеллект ва инновацион технологияларни жорий этиш, иқтидорли мутахассисларни қўллаб-қувватлаш ҳамда янги ғояларни амалиётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этди.

Зулхумор АКБАРОВА