Бу ҳақда Миллий қўмита ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси делегацияси 23 март куни Бразилиянинг Кампо-Гранде шаҳрида бўлиб ўтган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция томонларининг 15-конференцияси (CMS COP15) очилиш маросимида иштирок этди.

Форумда давлатлар, халқаро ташкилотлар ва экспертлар вакиллари кўчиб юрувчи турларни муҳофаза қилишнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиб, бу йўналишда глобал ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратди.

Очилиш маросимида Ўзбекистон Конвенциянинг амалдаги раиси сифатида ўз раислигини расман Бразилия Федератив Республикасига топширди. Шунингдек, ялпи мажлис давомида 2024–2026 йиллардаги раислик натижалари бўйича ҳисобот тақдим этилди. Унда мамлакатнинг кўчиб юрувчи турларни муҳофаза қилиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда ёввойи ҳайвонларни ноқонуний овлашга қарши курашиш борасидаги ташаббуслари акс этган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу конвенциянинг 14-конференцияси 2024 йил февраль ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган бўлиб, ундан сўнг Ўзбекистон раисликни ўз зиммасига олган эди. Бу мамлакатнинг атроф-муҳит соҳасидаги халқаро нуфузини оширишда муҳим аҳамият касб этди.

Халқаро ҳамжамият томонидан берилган юксак эътироф сифатида Ўзбекистон Республикаси ҳукуматига “Migratory Species Champion Plus” мақоми тақдим этилди. Ушбу фахрий унвон 2026–2028 йилларда кўчиб юрувчи турларни ноқонуний олиб кетишга қарши ҳуқуқий механизмларни мустаҳкамлаш ва глобал ташаббусларни қўллаб-қувватлашдаги фаол иштироки учун берилди.

Мазкур натижа мамлакатнинг барқарор экологик сиёсатини, биоихтиёрликни асраш ва кўчиб юрувчи турларни муҳофаза қилиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларга қўшаётган муносиб ҳиссасини намоён этади.