Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 февралдаги “Қишки спорт турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди. Қувонарлиси, ўтган қисқа вақт орасида юртимизда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг қишки спорт турлари билан шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитлар ва инфратузилма яратиш, мамлакат спортчиларининг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишларини таъминлаш мақсадида изчил чора-тадбирлар амалда бажарилмоқда.

Қишки спорт турларини ривожлантириш ва оммалаштириш, Ўзбекистон спортчиларини халқаро спорт мусобақалари, шу жумладан, XXIV қишки Олимпия ўйинларига тайёрлаш ва ушбу мусобақаларда муносиб иштирокини таъминлаш мақсадида қатор ишлар амалга ошилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси туризм ва спорт вазирлигининг 2021 йилги спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календар режасига мувофиқ шу йилнинг  17 октябрь – 25 декабр кунлари спортнинг тоғ чанғиси тури бўйича Ўзбекистон спорт делегацияси бош тренери Андрей Воронов, тренер Дмитрий Ковалёв ҳамда тоғ чанғиси бўйича кучли спортчилар Раъно Имонқулова, Валерия Ковалёва, Арман Гаюповлар Австрия, Италия ва Россия тоғ чанғи спорт базаларида бўлиб ўтадиган ўқув-машғулот йиғинлари ҳамда халқаро мусобақаларда иштирок этади.

Давлат сиёсатининг асосий мақсади ёш авлодни соғлом, баркамол вояга етказиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг имконият яратишдир.Таъкидлаш лозим ўқув-машғулот йиғинлари ҳамда халқаро мусобақаларда иштирок этиш ҳамда зарур бўлган махсус спорт кийимлари ва спорт анжомлари билан боғлиқ барча сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси туризм ва спорт вазирлигининг спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг 2021 йил  учун республика календар режасидаги белгиланган маблағлар ҳисобидан қопланади.

 Спортчи ёшларимиз бўлиб ўтадиган нуфузли мусобақаларда юртимизнинг байроғини юксак кўтариб яхши натижаларни қўлга киритишларини тилаб қоламиз.

 

Ҳилола Салиева,   

спортнинг қишки ва мураккаб техник

турлари бўйича Республика олий

 спорт маҳорати мактаби матбуот котиби