Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев Болгария автотранспортчилар палатаси (CБРҲ) бошқарув кенгаши раиси Петко Ангелов билан учрашув ўтказди. Унда ҳамюртларимизни Болгарияда ишга жойлаштириш, уларни тайёрлаш жараёни ҳамда лицензияга эга хусусий бандлик агентликлари билан ҳамкорлик механизмлари муҳокама қилинди.
Болгария томони транспорт ва логистика соҳасида кадрларга эҳтиёж юқори эканини маълум қилди. Таъкидланишича, диагностик ускуналар ва электрон тизимлар билан қисқа адаптациядан сўнг иш бошлай оладиган механик ва техник мутахассислар малакаси ҳамда вазифасига қараб 2500 еврогача маош олишлари мумкин.
Шунингдек, ҳайдовчилар учун Европа Иттифоқи қоидалари асосида махсус тайёргарликдан ўтиш муҳимлиги қайд этилди.
Учрашув якунида амалий ҳамкорликни ривожлантириш, пилот лойиҳани йўлга қўйиш ва махсус ўқув курсларини ташкил этиш бўйича келишув имзоланди.