Лойиҳа доирасида Самарқанд, Қашқадарё ва Андижон вилоятларининг чекка туманларида жойлашган қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий шифокорлик пунктларини тиббиёт жиҳозлари ҳамда COVID-19га қарши махсус тўпламлар билан таъминлаш кўзда тутилган.
Жорий йил 25 февралда Тошкент шаҳрида Ўзбекистоннинг 6 та туманига тиббиёт буюмлари ва ускуналарини жўнатиш маросими бўлиб ўтди. Унда «Юксалиш» УМҲ, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбарияти, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, коронавирус пандемияси аҳолининг заиф қатламларига ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Жорий этилган карантин чоралари, айниқса, даромади паст, боқувчисини йўқотган оилалар, қаровчиси бўлмаган ёлғиз қариялар, беморлар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг аҳволини янада заифлаштирди. Ҳукумат томонидан ана шундай муҳтож қатламларни моддий қўллаб-қувватлаш, пандемия оқибатларини юмшатиш борасида амалий чоралар кўрилди: аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқароларига нафақа тайинлангани, 400 мингдан кўпроқ оилаларга республика бюджетидан бир марталик пул маблағлари ажратилгани бунга мисол.
Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти ташкилотлари орқали COVID-19 пандемиясининг таъсирини камайтиришга оид қиймати 1 миллион евро бўлган Дастурни ишга туширган. Ушбу Дастур доирасида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг лойиҳасига 400 минг еврога яқин миқдорда маблағ ажратилган. Бу билан мамлакатда гуманитар, тиббий, ижтимоий ва иқтисодий инқироз оқибатларини бартараф этишда ҳукуматга кўмаклашиш, жараёнларга фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш, уларнинг салоҳиятини ўстириш кўзда тутилган. Дастур доирасидаги ушбу лойиҳада нафақат фуқаролик жамияти институтлари, балки аҳолининг заиф қатламлари ҳам қарорлар қабул қилишда иштирок этиб келяпти.
Лойиҳа доирасида Пахтачи, Қўшработ, Қарши, Чироқчи, Жалақудуқ туманларидаги ва Хонобод шаҳридаги тиббиёт муассасаларига эҳтиёжларидан келиб чиқиб, 35 турдаги зарур тиббий буюмлар ва ускуналар (кислород концентратори, пульсоксиметр, тонометр, рақамли термометр, электрокардиограф, электрон тарози, тиббий бикс, тиббий кушетка, биохимик микроскоп, тиббий ниқоб ва қўлқоплар ва ҳк.) тақдим этиляпти. Ушбу мақсадлар учун жами 280,5 миллион сўм маблағ сарфланди. Шу жумладан, Самарқанд вилоятига 91,6 миллион сўмлик, Қашқадарё вилоятига 88,6 миллион сўмлик ва Андижон вилоятига 100,3 миллион сўмлик тиббий таъминот кўмаги кўрсатиляпти.
Тадбирда «Юксалиш» УМҲ раиси Бобур Бекмуродов, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси Ҳамкорлик бўлими бошлиғи Франсуа Бежо танлаб олинган чекка ҳудудларга тиббиёт буюмлари ва ускуналарини топшириш тўғрисидаги сертификатларни имзолади.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.