Уларда қайси соҳа ёки тармоқ асосий “ўсиш нуқтаси” бўлишидан қатъи назар, иқтисодий тараққиётга эришишда умумий, шу билан бирга, муҳим омил бор. Бу электр энергетикаси барқарорлигидир. Бинобарин, бусиз ҳеч бир йўналиш, ҳатто бугунги саноатлашаётган қишлоқ хўжалигида ҳам кўзланган мақсадларга эришиб бўлмайди.

Шу боис, айни пайтга келиб барқарор электр энергияси таъминоти барча давлатлар кун тартибидаги муҳим масалалардан бирига айланди. Тобора ўсиб бораётган талаб, глобал иқлим ўзгаришлари ҳамда чекланган табиий захиралар ҳисобига эса “яшил” иқтисодиётга ўтиш бўйича глобал пойга кучаймоқда. Мамлакатлар бирин-кетин углерод нейтраллиги, яъни углерод чиқиндиларининг нолга тенглигига эришиш мақсадларини эълон қилмоқда.

Гап муқобил энергетика имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳақида борар экан, бу борада Ўзбекистон илгари сураётган ташаббуслар, деярли барча вилоятларда амалга оширилаётган йирик ва истиқболли лойиҳалар таҳсинга сазовор. Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 14 июль куни лавозимига киришишга бағишланган тантанали маросимда мамлакатда “яшил иқтисодиёт”, “яшил энергия” тамойиллари янада кенг жорий этилишини маълум қилдики, бу ушбу йўналишда бошланган ишлар изчил давом эттирилишидан далолатдир.

Ўзбекистоннинг 2030 йилга бориб иссиқхона газлари эмиссияси интенсивлигини 35 фоиз яхшилаш ва қайта тикланадиган энергия улушини 25 фоиз ошириш бўйича мақсадлари улкан ва стратегикдир. Президентнинг 2022 йил 9 сентябрда қабул қилинган “Энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим ҳуқуқий асос саналади.

Ушбу режанинг муваффақиятли амалга оширилиши нафақат Марказий Осиё учун салбий иқлим хавфини камайтириш, балки Ўзбекистоннинг узоқ муддатли иқтисодий ўсиши, янги иш ўринлари яратиш ва келажакда саноатнинг рақобатбардошлигини ошириш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлади.

“Яшил” ўтиш муваффақияти учун бир нечта муҳим поғонани босиб ўтиш зарур. Биринчидан, бизнес ва истеъмолчилар фаол иштирокчилар сифатида “яшил” ўтишга қўшилиши лозим. Ҳукуматнинг кучли сиёсий етакчилиги ва ташаббускорлиги қуёш ва шамол энергияси каби қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш учун инвестицияларни жалб қилишда жуда муҳим. Бироқ қайта тикланувчи энергияни истеъмол қилиш ва тўлаш, ЯИМнинг углерод интенсивлигини камайтириш фақат ҳукумат томонидан амалга оширилмайди. Бизнес ва истеъмолчилар “яшил” ишлаб чиқариш ва истеъмолни рағбатлантириш масъулиятини бирдек ҳис қилишлари керак.

Бу борада самарали ишлар олиб борилмоқда. Зарафшон шаҳрида Ўзбекистонда биринчи шамол турбинаси ўрнатилгани фикримиз исботи. У Марказий Осиёдаги энг йирик шамол электр станцияси бўлади. Маълумотларга кўра, лойиҳа 500 мингта хонадонга етарли ҳажмда электр энергияси ишлаб чиқариш ва атмосферага чиқариладиган карбонат ангидрид чиқиндиларини йилига 1,1 миллион тоннага камайтиришни таъминлайди. Бу каби лойиҳаларни кўпайтирсак, фойдасини ўзингиз чамалаб олаверинг.

Иккинчидан, углерод эмиссияси нархи қазиб олинадиган ёқилғи энергиясининг бозор нархи билан биргаликда таърифланиши керак. Энди қазиб олинувчи энергияда углерод нархини эътиборсиз қолдира олмаймиз. Эркин бозорда углеродга эркин товарлар сифатида қаралади. Биз углеродга бепул маҳсулот сифатида қарасак, углеродсиз келажакка эриша олмаймиз.

Углерод нархини тўлашимиз кераклигини қабул қилиш жараёни қисқа муддат оғриқли бўлади. Аммо атрофимиздагиларни “яшил” иқтисодиётга ўтиш узоқ муддатда “яшил” ва инклюзив бўлган иқтисодий ўсишни янада оширишга ёрдам бериши ва янги иш ўринлари яратиши мумкинлигига ишонтира олсаккина, бизнес вакиллари ва одамлар қисқа муддатли харажатлар ва оғирликни қабул қилишга тайёр бўлиши мумкин.

Учинчидан, бизнес ва истеъмолчиларни фаол иштирокчи сифатида жалб қилиши мумкин бўлган инновацион иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий имкониятларни ишлаб чиқиш керак. Технологик инновациялар муҳим ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Лекин технологик инновациялар таъсирини максимал даражада ошириш учун у иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий инновациялар билан бирга амалга оширилиши лозим.

“Яшил” иқтисодиёт учун иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий инновациялар асоси сифатида “яшил” бозор ва бизнес ривожини рағбатлантириш, саноат ва одамларнинг турмуш тарзига ортиқча юк бўлмасдан, углерод нархини қазиб олинадиган энергиянинг бозор нархига босқичма-босқич тарифлаш керак.

Синаб кўриш мумкин бўлган биринчи инновацион сиёсий имконият “яшил” энергия нархлари тизимидир. Ҳозир Германияда “яшил” электр энергияси ва “яшил” поезд чиптаси қимматроқ сотилади.

Бу ихтиёрий тизим бўлиб, фақат “яшил” энергия ва маҳсулотларни истеъмол қилишни хоҳловчи “яшил” истеъмолчилар учун амал қилади.  “Яяшил” энергия нархлари тизими орқали қўшимча тўловлар қайта тикланадиган энергияни қазиб олинадиган энергияга қараганда юқори нархда сотиб олиш учун ишлатилади.

“Яшил” энергия нархлари тизими ихтиёрий “Me First Carbon Pay” ижтимоий ҳаракатини рағбатлантирадиган инновацион ижтимоий сиёсат билан биргаликда самаралироқ бўлиши, иқлим инқирозидан хавотирда бўлган одамларни бирлашишга ҳамда “яшил” энергия ва маҳсулотлардан “яшил” нархни тўлаш орқали ихтиёрий ҳаракатни бошлашга рағбатлантириш керак. “Яшил” энергияни тўлаш ва истеъмол қилиш, ЯИМнинг углерод интенсивлигини камайтиришга ҳаракат қилиш анчайин самарадор бўлади.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳузурида ташкил этилган Янги иқлим инновацияси маркази тадқиқот гуруҳи аъзолари Ўзбекистонда илк бор “Me First Carbon Pay” ҳаракати бошланиши мумкинлигини маълум қилди. Уларнинг иштиёқи ва жонкуярлиги мени ҳайратда қолдирди.

Агар “яшил” ўтиш фақат пул ва технологияни сафарбар қилиш билан боғлиқ бўлса, Ўзбекистон кўп маблағ ва технологияга эга бой давлатлар билан рақобатлашишда қийинчиликларга дуч келиши табиийдир. Шу маънода, “яшил” ўтиш нафақат пул ва технология, балки “яшил” ишлаб чиқариш ва истеъмолни ривожлантириш учун инновацион иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни қўллаш билан ҳам боғлиқ. Ушбу инновацион сиёсат глобал бозорда рақобатлаша оладиган “яшил” маҳсулотлар ва хизматлар учун янги бозорлар ва корхоналарни яратиши мумкин. Шунинг учун “яшил” ўтиш нафақат экологик стратегия, балки келажакда рақобатбардошлик, иқтисодий ўсиш ва янги иш ўринлари яратиш учун саноат стратегияси ҳамдир.

“Яшил” ўтиш учун бошқа кўплаб инновацион имкониятлар мавжуд. Жумладан, экологик солиқ ислоҳоти, яъни даромад солиғини камайтириш ва углерод солиғини ошириш, чиқиндилардан энергия олиш шулар жумласидан. Масалан, 4 тонна чиқинди 1 тонна нефтга баробардир. Чиқиндиларни энергияга айлантириш бир вақтнинг ўзида чиқиндиларни бошқариш тизими, энергия тақчиллиги ва қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқариш муаммоларини ҳал қилиши мумкин.

Янги иқлим инновацияси маркази билан биргаликда бошламоқчи бўлган дастлабки инновацион лойиҳамиз пахта даласини қуёш энергияси ишлаб чиқариш учун қуёш далаларига айлантириш ва Орол денгизини тўлдириш учун дарё сувини тежаш ва бошқаришдир. Қуёш майдонлари углерод кредити ва “яшил” энергия ишлаб чиқариши, бу шаҳарларда ҳаво ифлосланишини камайтирадиган электр троллейбуслардан фойдаланиш учун ишлатилиши мумкин. Пахтакорларни қуёшли далалар бошқарувчиси сифатида муносиб иш билан таъминлаш имкониятига эга бўлинади. Ишончим комилки, Орол денгизини тўлдириш, қуёш энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш, фермерларни муносиб иш билан таъминлаш, шаҳарлар ҳавоси ифлосланишини бир вақтнинг ўзида камайтириш ҳақидаги режаларим тез орада амалга ошади.

Раэ Квон ЧУНГ,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳузуридаги

Янги иқлим инновациялари марказини

назорат қилиш қўмитаси раиси