Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) маълумотига кўра, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий Иттифоқига (ЕОИИ) аъзо давлатлар билан ўзаро ҳамкорлиги доирасидаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва муштарак вазифаларни ҳал этиш механизмлари муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро манфаатли иқтисодий шериклик, тенг ҳуқуқлилик ва миллий манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига, шунингдек, Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан ўзаро муносабатларни янада кенгайтириши учун қўшимча имкониятлар яратишга доир қўшма чора-тадбирларни амалга оширишга содиқлигини билдирди.
Саноат кооперациясини ривожлантириш, савдо тартиботларини соддалаштириш ва рақамлаштириш, санитария, фитосанитария ва ветеринария соҳасида меъёр ва стандартларни такомиллаштириш, транспорт йўлакларини диверсификация қилиш, технологиялар билан алмашиш ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарблиги қайд этилди.
Ўзбекистон ва ЕОИИга аъзо давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш мақсадида ЕИК билан ҳамкорлик қилиш бўйича «Йўл харитаси»ни биргаликда ишлаб чиқишга келишилди. Унда савдо, саноат, божхона ва солиқ маъмуриятчилиги, техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария стандартлари, энергетика, фармацевтика, меҳнат миграцияси ва бошқа соҳаларда ЕИКнинг тегишли бўлинмалари ҳамда мамлакатимиз вазирликлари ва идоралари ўртасидаги ҳамкорликнинг аниқ чора-тадбирлари акс этади.
Шунингдек, томонлар ЕОИИга аъзо мамлакатларнинг салоҳиятли инвесторларини саноат кооперациясини йўлга қўйиш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга жалб этиш бўйича биргаликда иш олиб боришга келишиб олди.
Учрашув якунида белгиланган вазифаларни ҳал этиш ҳамда келишилган ташаббус ва ҳамкорлик йўналишларини илгари суриш бўйича биринчи даражали тадбирлар белгилаб олинди, дея хабар беради "Дунё" АА.