Ташрифнинг навбатдаги кунида Сенат Раиси АҚШ меҳнат вазирининг ташқи ишлар бўйича ўринбосари Теа Ли ҳамда АҚШнинг халқаро меҳнат масалалари бўйича махсус вакили Келли Фей Родригес билан музокаралар ўтказди.
Мулоқот чоғида икки давлат ўртасидаги меҳнат муносабатлари соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратилди.
Т.Нарбаева ўз сўзида меҳнат муносабатлари тизимини такомиллаштириш бўйича янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича ҳамкорлик истиқболларига тўхталиб ўтди. – Реал натижаларга эришиб, меҳнат соҳасидаги муаммонинг сиёсий қисмини ҳал қилганимиздан сўнг асосий амалий иш кўлами бошланди, яъни муносиб бандлик шароитларини яратиш, меҳнат соҳасига халқаро стандартларни жорий этиш устувор вазифага айланди – деди Сенат Раиси.
Ўз навбатида Теа Ли Ўзбекистондаги меҳнат муносабатлари соҳасидаги ислоҳотлар ҳамда ХМТ билан ҳамкорликнинг ҳозирги даражасини юқори баҳолади. Ўзбекистон ХМТ ва Ташкилотга аъзо асосий давлатлар билан болалар меҳнати ҳамда мажбурий меҳнатга барҳам бериш масаласида қисқа вақт ичида конструктив ҳамкорликда катта муваффақиятларга эришганини олқишлади.
Учрашув якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан манфаатдор идоралар билан маслаҳатлашувларни давом эттиришга келишиб олинди.
Германия меҳнат ва ижтимоий масалалар федерал вазири Хубертус Хайл билан кечган музокараларда эса асосий эътибор ушбу мамлакат билан биргаликда ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш, бандлик дастурларини ижтимоий ҳимоя билан боғлаш ва ушбу тармоқларни рақамлаштириш бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига қаратилди.
Т.Нарбаева йил сайин қамрови кенгайиб бораётган олий даражадаги сиёсий мулоқот туфайли мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларда, шу жумладан, меҳнат муносабатлари йўналишида ҳам ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётганини, меҳнат соҳасида халқаро стандартларни жорий этиш, иш берувчилар салоҳиятини ошириш борасида Германия тажрибаси муҳимлигини таъкидлаб ўтди.
Х.Хайл икки томонлама алоқаларнинг ижобий динамикасига тўхталиб, икки давлат ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очаётган меҳнат муносабатлари соҳасидаги келишувларни юқори баҳолади.
ХМТнинг БМТдаги махсус вакили Беате Андреес билан бўлиб ўтган учрашувда томонлар ХМТнинг Европа ва Марказий Осиё минтақавий бюроси ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни яна-да кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.
Т.Нарбаева ўз сўзида Ўзбекистон ҳамиша халқаро меҳнат стандартларига риоя қилишга содиқлигини, бу йўналиш сиёсатимизда устувор бўлиб қолишини, ХМТ билан изчил ҳамкорликни меҳнат муносабатлари соҳасида янги қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш орқали мустаҳкамлаш зарурлигини алоҳида қайд этди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Беате Андреес ўз навбатида минтақавий идоранинг Ўзбекистон билан конструктив ҳамкорлиги давом эттирилишини таъкидлади. — Мамлакатингиз қисқа вақт ичида эришилган ютуқлар туфайли минтақа давлатлари орасида илғор ўринни эгаллайди. Ташкилотимиз билан яна-да очиқ ҳамкорлик қилиш учун Ўзбекистонда сиёсий ирода мавжудлигини амалда ҳис қиляпмиз. Шу муносабат билан ҳамкорликни кенгайтириш масаласи ХМТ минтақавий ваколатхонасининг устувор эътиборида бўлади — деди, Б. Андреес