Бугунги кунда глобаллашув жараёнларининг жадал ривожланиши халқаро муносабатларга ўз таъсирини ўтказмоқда. Мазкур шароитда давлатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, трансмиллий таҳдидларга қарши курашиш ва глобал барқарорликни таъминлаш бевосита давлатлар ўртасидаги кучлар ва манфаатлар мувозанатининг шаклланишига боғлиқ. Сўнгги йилларда жаҳонда юз берган воқеалар дунёнинг геосиёсий структураси ва йўналишини тубдан янгилади, жаҳон сиёсатига аста-секин бир гуруҳ янги суверен давлатларнинг кириб келиши натижасида давлатлараро сиёсат ва дипломатия майдони тубдан бошқа моҳият ва мазмун касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида фаолиятининг илк кунларидан Марказий Осиё давлатлари билан амалий, ўзаро манфаатли ва яхши қўшничилик муносабатларини шакллантириш, минтақада хавфсизликни таъминлашни ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши сифатида белгилади ва унинг маънавий жиҳатларини таъкидлади. Ўзбекистон раҳбари минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга доир стратегик қарашларини 2017 йил 19 сентябрда Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида батафсил баён қилди.
Шу билан бирга, 2020 йил 24 сентябрь куни Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги ўзбек тилидаги нутқида Ўзбекистон томони Афғонистонни Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида қабул қилиши, 2018 йил март ойида ўтказилган Афғонистон бўйича олий даражадаги Тошкент конференцияси афғон муаммосини ечиш учун халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини сафарбар этишда янги босқич бўлганлиги, 2020 йилнинг сентябрь ойида Доҳа шаҳрида афғон сиёсий кучлари ўртасида бошланган тинчлик музокараларини тўла қўллаб-қувватланиши ва бу музокаралар жафокаш афғон заминида тинчлик ва барқарорлик ўрнатишига умид қилиниши таъкидланди.
Минтақада иқтисодий интеграция жараёнларига Афғонистонни кенг жалб этиш мақсадида «Сурхон – Пули Хумри» электр узатиш тармоғини, Мозори Шарифдан Ҳинд океани портларига чиқадиган темир йўл қурилиши каби йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга киришилганлиги, Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш масалалари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг доимий эътибор марказида бўлиб қолиши зарурлиги, фақат биргаликда ва яқин ҳамкорлик орқали афғон халқининг эзгу орзу-умидларини рўёбга чиқариш мумкинлиги ва бу борада «Беқарор ва вайронкор вазиятдан – тинчлик ва бунёдкорлик сари» деган тамойил асосида иш олиб бориш муҳимлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш лозимлиги ҳамда ушбу қўмитанинг асосий вазифаси Афғонистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига кўмак беришдан иборат бўлиши зарурлиги таъкидланди.
Мазкур кенг қамровли халқаро ҳуқуқ нормаларини ва миллий-маънавий қадриятларни ўзида қамраб олган ҳуқуқий асосларга ҳамда сиёсий ғояларга таяниб, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи устувор йўналиши хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишга йўналтирилган.
Ҳаракатлар стратегиясида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар аниқ белгилаб олинди. Бунинг амалий исботи сифатида фуқаролик, миллатлар ва конфессиялараро тинчлик ва тотувликни мустаҳкамланишида, Ўзбекистонинг теварагида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантирилаётганлигида кўришимиз мумкин.
Бундан ташқари, Президентимиз 2021 йил 14-15 июль кунлари Тошкентда ўтказилган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференциядаги нутқида ҳам Марказий ва Жанубий Осиёда замонавий, самарадор ва хавфсиз транспорт-логистика инфратузилмасини яратиш, Термиз-Мозори Шариф-Қобул-Пешовар темир йўл тармоғи минтақаларимиз ўртасида ўзаро боғлиқлик архитектурасининг асосий бўғинига айланиши кераклиги, бу темир йўл тармоғи Жанубий Осиё ва Европа мамлакатлари ўртасида Марказий Осиё ва МДҲ ҳудуди орқали ўтадиган энг қисқа йўлни очиш, шу билан бирга, юкларнинг туриб қолиши ва ташиш муддатларини сезиларли даражада қисқартиришга хизмат қилиши, бундан ташқари, Трансафғон темир йўл қурилиши лойиҳаси келгусида мамлакатларимизни Хитой ва Осиё-Тинч океани минтақасининг бошқа етакчи давлатлари билан боғлаши мумкинлиги, бу эса «Бир макон, бир йўл» ташаббуси мақсадлари билан ҳам уйғунлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, 2021 йил 17 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон» газетаси бош муҳаррири Салим Дониёровнинг саволларига берган жавобларида ҳам Ўзбекистоннинг Марказий Осий минтақаси ва жаҳон миқёсидаги сиёсий ўрни ва нуфузи ошганлиги, дунёда Янги Ўзбекистонга нисбатан ишонч руҳи ва мамлакатимиз билан ҳамкорликка интилиш тамойиллари кучайганлиги таъкидланиб, қўшни мамлакатлар билан савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалари жадал ривожланаётганлиги, азал-азалдан қардош ва биродар бўлган мамлакатларимиз кўпгина минтақавий ва глобал масалалар, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт бўйича яқин ҳамкорликда ҳаракат қилишни бошлаганлиги ва жаҳон сиёсатшунослигида «Марказий Осиё руҳи» иборасини пайдо бўлганлиги айтиб ўтилган. Бу эса Президентимизнинг бутун дунёда ва Марказий Осиёда минтақавий хавфсизликни таъминлашда илгари сураётган сиёсий ғоялари ва уларнинг маънавий жиҳатлари ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси афғон масаласига ҳеч қачон эътиборсиз бўлмаган. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон томонидан Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш юзасидан бир қатор ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, Эрон, Хитой, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, шунингдек, АҚШ ҳамда Россия иштирок этган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигидаги Афғонистоннинг «Қўшнилари ва дўстлари» номли «6+2» мулоқот ва келишув гуруҳи тузилди. 1998 йил 21 сентябрь куни Нью-Йоркда «6+2» форматида ташқи ишлар вазирларининг учрашуви уюштирилиб, унда Афғонистон масаласида ўзаро англашув жиҳатлари қабул қилинди. 1999 йил 19-20 июль кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида Афғонистон бўйича «6+2» гуруҳининг Тошкент олий даражадаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда томонлар Афғонистондаги можарони тинч йўл билан ҳал этишнинг асосий тамойиллари ҳақидаги Тошкент декларациясини имзоладилар. Мазкур декларация ҳали-ҳамон ушбу мамлакатнинг барча ички сиёсий кучлари томонидан қабул қилинган ҳамда БМТ томонидан тасдиқланган ягона расмий ҳужжатдир.
Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни сақлаш мақсадида 2008 йил «6+3» форматида ташқи ишлар вазирларининг учрашуви уюштирилди, 2018 йил 27 март куни «Тошкент декларацияси» қабул қилинди. Умуман олганда, Афғонистон Марказий Осиё давлатларининг Ҳинд океани ва Форс кўрфази портларига энг қисқа йўлини таъминлаши, Ҳиндистон, Эрон ва Покистонни Европа ва Яқин Шарқ бозорлари билан боғлаши мумкин. Шу муносабат билан Афғонистонда тинчлик ва хавфсизлик ўрнатишнинг асосий масалалари бўйича кенг ва қатъий халқаро консенсусни тасдиқлаш, мамлакатда миллий ярашув бўйича афғонистонликлар раҳбарлигида ва уларнинг саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Мамлакатимиз афғон муаммосига бағишланган деярли барча халқаро форумларда фаол иштирок этмоқда. «Қобул жараёни», «Москва формати», «Осиё юраги - Истанбул жараёни» форуми, Афғонистон бўйича халқаро алоқа гуруҳи, «ШҲТ - Афғонистон» алоқа гуруҳи, Афғонистон бўйича минтақавий иқтисодий ҳамкорлик конференцияси улар жумласидандир.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Афғонистонда қочоқлар сонини ортиши минтақа иқтисодиёти ва ижтимоий-сиёсий ҳаётига салбий таъсир этмай қолмайди, албатта. Мамлакатда аҳволни барқарорлаштириш учун Афғонистондаги муаммоларни тинч йўл билан ҳал этиш, томонларни ўзаро келишувига эришиш ва халқаро ҳамжамиятни молиявий ва гуманитар кўмаги талаб этилади. Ўзбекистон тинчликсевар мамлакатдир. Халқимизда бир нақл бор: «Қўшнинг тинч - сен тинч». Шундай экан, нафақат ўз юртининг тинчлиги, балки қўшни мамлакатларнинг тинчлиги ва албатта минтақа тинчлиги - бу бир қатор мамлакатларнинг фаровонлигига, иқтисодий жиҳатдан юксалишига ва албатта келажак авлодга муносиб моддий ва маънавий мерос қолишига замин яратади.
Шуҳрат Ҳотамов,
Алишер Хурсандов,
Жамоат хавфсизлиги университети
доцентлари