Ҳозирги кунда дунёнинг аксарият мамлакатлари ўз ички тўловларини амалга ошириш, давлат бюджети дефицитини қоплаш, ижтимоий–иқтисодий сиёсатини амалга ошириш ва жалб қилинган ташқи қарз тўловларини тўлаш учун молиявий ресурсларга эҳтиёж сезмоқда. Ўзбекистон ҳам бундан истисно эмас.

Халқаро валюта жарғармаси маълумотига кўра, дунёда давлат қарзи ҳажми 2020 йилда 14,1 фоизга ошиб, ЯИМнинг 97,6 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, ушбу кўрсаткич 2021 йилда 2 фоиз ошиши кутилмоқда. 2021 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикаси давлат (ташқи) қарзи эса ЯИМга нисбатан 36,5 фоизни ташкил этмоқда.

Шу ўринда ишонч билан таъкидлаш мумкинки, Ўзбекистонда ташқи қарз самарали бошқариляпти ва бу қарзларнинг 70 фоизи узоқ муддатли бўлиб, ЯИМ ҳажмининг босқичма-босқич ўсиб боришини ҳисобга оладиган бўлсак, қарзларни қайтаришда ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

Бу борада яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратмоқчиман. Жаҳон банки прогнозига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2021 йилда 6 фоиз ўсиши кутилмоқда. Пандемия даврида кўплаб мамлакатлар иқтисодий инқирозни бошидан кечирди. Ўзбекистон айрим ривожланган мамлакатлар қаторида бундай инқирознинг олдини олиш учун муҳим чораларни қўллади. Жаҳон банки бу чора-тадбирларни ижобий баҳолади. Жумладан, пандемия даврида солиқлар ундирилишини тўхтатиб туриш, кредит тўловлари муддатини узайтириш, иқтисодиёт тармоқларини субсидиялар орқали қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳолига ижтимоий ёрдам бериш чоралари эътироф этилди.

Жаҳон банки Ўзбекистонда амалга оширилаётган очиқлик сиёсати ва ҳамкорликка тайёрлигига, иқтисодиёти барқарор ўсиб бораётганига ижобий хулоса берди. Шунингдек, Ўзбекистондаги иқтисодиёт соҳаси экспертлари, олимлар ҳам юртимиз ўз ташқи қарзини тўлашга имконияти ва салоҳияти етишини, бу қарз салбий оқибатларга эмас, аксинча, олдимизга қўйган катта марраларни забт этишга асос бўлиши қайд этди.

Фарҳод ЗАЙНИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати