Ўзбекистон элчиси Баҳром Ашрафхонов 4-5 сентябрь кунлари Озарбайжоннинг Хачмаз, Губин ва Хисор районларида сафарда бўлди.

Кавказ ёнғоғи етиштириш ва қайта ишлаш, боғдорчиликни ривожлантириш бўйича тажриба билан танишиш, шунингдек, Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ташкил этилган сафардан кўзланган мақсадни ташкил этди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маҳаллий ваколатхоналар раҳбарлари, ҳамда илмий текшириш тизимлари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорти билан шуғулланувчи ишбилармонлар билан учрашди.

Шу каби тизимлар фаолияти ҳақидаги кўргазмали намойиш доирасида «АНEС» заводига саёҳат уюштирилди. Мазкур завод ўтган йили ишга туширилган бўлиб, бу ерда ҳар куни 50-60 тонна атрофида ёнғоқ қайта ишланади. Заводда 100 га яқин киши меҳнат қилади.

Заводнинг техник жиҳозланиши ҳақида сўз борар экан, унинг қурилишида энергия тежовчи маҳаллий ускуналар ишлатилгани таъкидланди. Хусусан, етиштирилган хомашёни қуритишда ёнилғи сифатида айнан ёнғоқнинг ўзининг пўстлоғидан фойдаланади экан. Бу, шубҳасиз, маҳсулот таннархини сезиларли даражада пасайтиради.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Аграр ривожланиш давлат маркази директори Азер Хаквердиевнинг маълумотига кўра, Хачмаз районида Кавказ ёнғоғидан ташқари олма, беҳи, шафтоли ва бошқа хил мевалар етиштиришга катта эътибор қаратилган экан. Бу ерда, шунингдек сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, хусусан, томчилаб суғориш бўйича олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берилди.

Озарбайжон тадбиркорлари (иш берувчилари) нинг миллий конфедерацияси маҳаллий вакили Магамед Балагадашевнинг сўзларига қараганда, ёнғоқ етиштирувчи фермерлар ҳосилни қабул пунктларига топширар экан. У ердан эса марказлашган ҳолда қайта ишлаш заводига етказилар экан. Маълум даражада қайта ишланган ёнғоқлар чет элга экспорт қилинар экан.

Хачмаз райони вакиллари ўзбекистонлик ҳамкорлари билан ёнғоқ ва бошқа турдаги мевалар етиштириш ва уларни қайта ишлаш масалалари бўйича тажриба алмашишга тайёр эканликларини тасдиқладилар.

Элчи жаноблари сафар давомида Озарбайжон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги мевачилик ва чойчилик илмий текшириш институти директори, «CTC-Holding» ва «Tovuz-Baltiya» компаниялари раҳбарлари билан учрашди.

Учрашув давомида суҳбатдошлар Ўзбекистондаги инвестиция лойиҳаларида иштирок этишдан манфаатдор эканлигини изҳор қилдилар. Хусусан, узумчилик соҳасида агрокластер тузиш, шунингдек Сирдарё ва Фарғона вилоятларида анорчиликни ривожлантиришда иштирок этиш истагини билдирдилар.