Тадбирда тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари, олимлар, экспертлар, ОАВ вакиллари иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ф.Сиддиқов, Марказий Осиё халқаро институти директори ўринбосари Б.Мустафоев ва бошқалар сўнгги йилларда давлатимиз ташқи сиёсатини юритишда туб ўзгаришлар рўй бераётгани, бу жараёнда Марказий Осиё минтақаси ташқи сиёсатнинг муҳим йўналиши сифатида белгилангани яхши қўшничилик ва қардошлик анъаналарини мустаҳкамлаш, дўстлик, ҳамкорлик муҳитини кучайтиришга замин яратаётганини алоҳида таъкидладилар.
Тадбир иштирокичлари таъкидлаганидек, Марказий Осиё геостратегик минтақа ҳисобланади. Бунга бир томондан минтақанинг қулай географик ҳудудда, яъни муҳим минтақавий ва халқаро транспорт йўлаклари кесишмасида жойлашгани, бой табиий ресурсларга эга экани сабаб бўлса, иккинчи томондан Марказий Осиёнинг халқаро муносабатлар тизимида муҳим ўрин тутадиган Яқин Шарқ, МДҲ ва Осиё давлатлари билан чегарадошлигидир. Бошқача қилиб айтганда, Марказий Осиё дунёнинг етакчи давлатларнинг манфаатлари кесишган ҳудуд ҳисобланади.
Юқоридаги омиллар минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга фақатгина ўзаро тушуниш ва манфаатларга асосланган ҳамкорлик орқали эришиш мумкинлигини яна бир бор тасдиқлайди. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистоннинг бугунги кундаги очиқлик, яхши қўшничилик, стратегик шерикчилик, ўзаро ишонч ва мавжуд муаммоларни оқилона муроса йўли билан ҳал этиш тамойилларига асосланган мутлақо янги минтақавий сиёсати Марказий Осиёда барқарорлик ва изчил ривожланишни таъминлашда, минтақанинг ҳамкорлик маконига айланишида муҳим гаров сифатида хизмат қилишидан далолат беради.
Ўтган давр мобайнида эришилган ютуқ ва натижаларни таҳлил қилсак, бутун дунёда кўп томонлама ҳамкорлик инқирозга учраган ва ўзаро ишонч камайиб кетаётган бир вақтда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичга чиқаётганлигини кўришимиз мумкин. Тарихан қисқа вақт ичида Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларда мисли кўрилмаган ютуқларга эришилди. Энг асосийси, аввал минтақавий ҳамкорликни ривожланишида тўсиқ ҳисобланган чегара ва сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича муҳим ва ўзаро манфаатли келишувларга эришилди. Ҳамкорликнинг янги механизмлари ташкил этилди. Бунга мисол сифатида Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳатлашув учрашувларини, парламентлараро гуруҳлар, чегараолди ҳудудлар ҳамкорлиги кенгаши, вазирлик ва идоралараро комиссиялар, инвестиция фондларининг ташкил этилганлигини айтиш мумкин.
Ўзбекистоннинг янги минтақавий сиёсати натижасида Марказий Осиёда шаклланган сиёсий муҳит бугун минтақа давлатларининг улкан иқтисодий салоҳиятини очишга муҳим ҳисса қўшмоқда. Марказий Осиё давлатларида ташқи савдо айланмаси ва инвестиция ҳажмининг, туристлар сонининг ошгани бунинг тасдиғидир.
Б.Хидирова,
“Янги Ўзбекистон” мухбири