25 та давлатдан 230 дан ортиқ меҳмон иштирок этган форумда гендерга йўналтирилган иқтисодий сиёсат, кадрлар бошқаруви, инвестиция жалб этиш ва рақобатбардошликни ошириш каби мавзуларда маърузалар тингланди. Шўъба йиғилишлари, семинарларда иштирокчилар замонавий бизнес дунёсида хотин-қизлар дуч келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича таклиф, тавсия ва ташаббусларни муҳокама қилдилар.
Шунингдек, тадбир доирасида хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, етакчилик қобилиятларини ривожлантириш, молиявий манбаларга эга бўлиш, бизнеснинг рақамли трансформацияси ва барқарор иқтисодиёт яратишда аёлларнинг роли масалалари кенг муҳокама қилинди.
Тадбирлар доирасида аёл тадбиркорлар дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш, гендерга асосланган иқтисодий сиёсатни такомиллаштириш, инсон ресурсларини ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш ва аёл тадбиркорларнинг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган семинар ва тренинглар ташкил этилди.
Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова форумда иштирок этиб, мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда гендер тенглиги тамойилларини қўллаб-қувватлаш борасида маъруза қилди.
Бош вазир ўринбосари томонидан алоҳида таъкидланганидек: “Ўзбекистон ҳамиша хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш борасида халқаро ҳамкорлик ва конструктив мулоқот тарафдори бўлиб келган. Биз барча халқаро шериклар билан тажриба ва ечимлар алмашишга, тинч ва фаровон келажак йўлида ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишга доимо тайёрмиз.
Ҳозирги мураккаб глобал шароитда хотин-қизлар фаоллигини ошириш, уларни иқтисодий жиҳатдан мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглиги тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш бутун инсониятнинг умумий бурчи эканини чуқур англаб етиш замонавий дунё талабидир. Мўғулистонда ўтказилаётган мазкур форум давлатлар ўртасида ўзаро тажриба алмашинуви, ҳамкорлик ва тенг имкониятлар сари қадам ташлаш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади”.
Зулайҳо Маҳкамова Форум доирасида Монголия Бош вазири ўринбосари С.Амарсайхан ҳамда Оила, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Т.Аубаки билан мулоқот қилди. Учрашувларда икки давлат ўртасида хотин-қизлар масалалари, оила институтини мустаҳкамлаш ва ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар аёллар тадбиркорлигини рағбатлантириш, улар учун қулай бизнес муҳитини яратиш ва ўзаро тажриба алмашишнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлашди. Шунингдек, истиқболда ҳамкорликда келгусида қўшма ташаббуслар ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.