Минтақадаги вазият билан яқиндан танишиб, келажакдаги режалар бўйича фикр алмашишди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати хабар беришича, мазкур онлайн конференцияда ЎФА президенти Абдусалом Азизов ва ЎФА вице-президенти Равшан Эрматовлар иштирок этди.

Қолаверса, Жанни Инфантино томонидан бу борадаги ишларни амалга оширишда ФИФА тажрибаси таништирилди. Шундан сўнг ОФК президенти Шайх Салмон эса Осиёда ҳукм сураётган вазият бўйича ҳисобот берди.

ЎФА президенти Абдусалом Азизов халқаро онлайн конференцияда футбол ривожи бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида нутқ сўзлади.

“Ўзбекистон чемпионатини қайта тиклаш жорий йилнинг 14 августидан режалаштирилган ва лиганинг 1-босқич ўйинлари марказлаштирилган форматда ўтказилади.

Шунингдек, ЎФА пандемия пайтида терма жамоалар учун карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бугун Ўзбекистон футбол ассоциацияси 19 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатига қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

Ушбу тадбир Ўзбекистонда биринчи марта учта шаҳарда, 2020 йилнинг 14-31 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Бу пандемия даврида дунёдаги биринчи марказлаштирилган халқаро футбол мусобақаси бўлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати терма жамоалар учун биринчи Футбол марказини қуриш учун 12 гектар майдон ажратди. Ушбу лойиҳа ФИФА ва ОФК вакиллари билан муҳокама қилинганидек, Ўзбекистоннинг эркаклар ва аёллар терма жамоалари халқаро мусобақаларга муносиб тайёргарлик кўриши учун катта имконият яратади.

Ушбу марказ 160 ўринли меҳмонхона комплекси, 7 та стандарт футбол майдони, реабилитация ва илмий-услубий марказ ва бошқа зарур шароитларни ўз ичига олади.”, деди ЎФА раҳбари

Нутқ сўнггида ЎФА раҳбари ФИФА ва ОФК президентларини Ўзбекистонда ўтадиган У-19 Осиё чемпионатига таклиф этди ва уларнинг ташрифи бутун мамлакат футбол жамоатчилиги ҳамда футбол ишқибозларини хурсанд этишини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек конференцияда Эрон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ҳамда Афғонистон футбол ассоциациялари раҳбарлари ўтган давр мобайнида бажарилган ишлар бўйича маълумот беришди.