Мулк давлат тасарруфидан чиқарилмоқда ва хусусий мулк дахлсизлиги, суд қарорисиз уни ҳеч ким олиб қўя олмаслиги Конституция даражасида мустаҳкамланмоқда, бундан ташқари мулкни иложи борича давлат ихтиёридан чиқариш чоралари кўрилмоқда ва хусусий секторга кенг имкониятлар яратилмоқда.
Мулкни талон-тарож қилиш фуқароларнинг юқоридаги Конституциявий ҳуқуқларига тажовуз етиш, деб ҳисобланади. Мазкур жиноятлар оқибатида фуқаролар, давлат ва жамият манфаатларига моддий ва маънавий зарар етказилади. Зеро, иқтисодий соҳадаги жиноятлар, хусусан ўзгалар мулкининг талон-тарож қилиниши ислоҳотларнинг самарадорлигига жиддий таъсир қилади.
2023 йил 10 май куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилинишини олиб борилаётган ислоҳотларнинг давоми сифатида таъкидлаб ўтсак бўлади. Мазкур қонунга кўра Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига “2419-модда. Пул маблағларини қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд уларни ўз вақтида қайтармаслик” ва Жиноят Кодексига “19212-модда. Пул маблағларини қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд уларни ўз вақтида қайтармаслик” деб номланган янги модда киритилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 2419-моддасига кўра, пул маблағларини қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд уларни ўз вақтида қайтармаслик:
Тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд ортиқча ундирилган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик, оз миқдорда талон-торож қилиш аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда;
базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Жиноят Кодексининг 19212-моддасига кўра эса, пул маблағларини қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд уларни ўз вақтида қайтармаслик;
Тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд ортиқча ундирилган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик, талон-торож қилиш аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса;
базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо қўлланилмайди.
Аброр МАМАЖОНОВ,
Тошкет давлат юридик университети катта ўқитувчиси